Бизнес-омбудсман ваколати кенгайди
Қонунчилик палатаси томонидан 2021 йил 17 ноябрда қабул қилинган, Сенат томонидан 2021 йил 15 декабрда маъқулланган ва Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2022 йил 11 январда имзоланган ЎРҚ-744-сонли Қонуни билан Ўзбекистон Республикаси маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 245 ва 245(8)-моддаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Ушбу қонун тўрт моддадан иборат бўлиб, Ўзбекистон Республикаси маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 245-моддасининг биринчи қисмидаги айрим моддаларга тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг бузилиши назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар бўйича аниқлик киритилди. Яъни, кодекснинг 245(8)-моддасига асосан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга ушбу Кодекснинг 43 (тадбиркорлик субъектларининг мурожаатлари қисмида), 200(2) (тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари бузилиши қисмида), 241(1) - 241(4), 241(6), 241(8), 241(10)-моддаларида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар тааллуқлилиги белгиланди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил номидан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ҳамда жарима тарзидаги маъмурий жазоларни қўллашга унинг ўринбосарлари ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони бош инспекторлари ҳақли эканлиги белгилаб қўйилди.
Ушбу қонун билан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилларининг ваколатлари кенгайтирилди ва тадбиркорларнинг ишончли химояси янада кучайтирилди.
Ориф Пардаев,
жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг раиси.