Боғча болаларини калтаклаган тарбиячи ишдан бўшатилди
Урганч тумани 2-сонли мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси С.Султонова ўзи раҳбарлик қиладиган гуруҳ тарбияланувчиларига нисбатан куч ишлатаётгани акс этган видео кенг оммага тарқалгани ҳақида хабар берилган эди.
Мазкур хабардан кўп ўтмай Мактабгача таълим вазирлиги ахборот хизмати баёнот бериб, ушбу ҳолат вазирлик томонидан назоратга олинганини билдирди.
Бош прокуратура матбуот хизматининг «Xabar.uz»га маълум қилишича, воқелик Урганч тумани прокуратураси томонидан ўрганилди. Унга кўра, тумандаги 2-сонли мактабгача таълим муассасаси тайёрлов гуруҳи тарбиячиси лавозимида ишлаб келаётган С.Султонова ҳолат бўйича тушунтириш бериб, ўша куни (ҳолат 17 октябрь куни юз берган — таҳририят) муассаса мудираси Л.Қадирова билан ўртасида келишмовчилик келиб чиққани, ўз гуруҳига борганида тарбияланувчилар бир-бирлари билан жанжаллашаётганини кўриб жаҳл билан уларни калтаклаганини, бироқ уларга оғир шикаст етказмаганини баён қилган.
Ушбу ҳолат 2019 йил 25 октябрь куни вилоят мактабгача таълим бошқармаси ва туман мактабгача таълим бўлими ходимлари, шунингдек тарбияланувчиларнинг ота-оналари иштирокида муҳокама қилинган. Муҳокама натижасига кўра, 2-сонли мактабгача таълим муассасаси мудирининг 25.10.2019 йилдаги №113-сонли буйруғи билан С.Султанова ўз вазифасидан озод этилди.
Шунингдек, тарбиячи С.Султанова хатти-ҳаракатлари юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказиб, қонуний қарор қабул қилиниши учун тўпланган ҳужжатлар туман ИИБга юборилди.