Боғчаларда болаларга қай тартибда овқат тайёрланяпти?

Кўп ва хўп таъкидланаётгани, бу борада аниқланган камчиликларга кескин чоралари кўрилаётганига қарамай мактабгача таълим муассасаларида ҳамон озиқ-овқат маҳсулотларидан уриб қолиш, таомларни санитария талаблари зид ҳолда тайёрлаш ҳолатлари учраб турибди.

Шу боис бу масала душанба куни вилоят ҳокимлигида ўтказилган аппарат йиғилишида кенг муҳокама этилган.

Мажлисда масъулиятсизлик, ўзганинг ҳақидан ҳазар қилмаслик, қолаверса, тизим мутасаддиларининг бу масалага ҳамон бефарқлиги оқибатида болалар боғчаларида таомлар белгиланган нормада тайёрланмаётгани алохида таъкидланган.

Хусусан, Каттақўрғон туманидаги 1-мактабгача таълим муассасасида овқат маҳсулотлари сифатини кафолатловчи ҳужжатлар йўқ. 2-мактабгача таълим муассасасида ҳам шундай ҳолат. Камига шакар маҳсулоти санитария қоидаларига зид равишда усти очиқ ҳолда сақланган. Сифатсиз пиёз ва картошкани болаларга беришга на мудира, на ошпазнинг виждони қийналяпти.

17-мактабгача таълим муассасасида эса кафолотловчи ҳужжатлари йўқ озиқ-овқат маҳсулотлари музлаткичда антисанитария ҳолатда сақлаб келинган.

Вилоят ишчи гуруҳи Самарқанд туманидаги 18-мактабгача таълим муссасасининг қуввати 200 нафарга мўлжалланган бўлса-да 253 нафар бола тарбияланаётганини аниқлаган. Ошпазлардан 10 килограмм гўштдан овқат тайёрлашаётган бўлса-да белгиланган талабга кўра, яна 15 килограмм гўшт нима учун қозонга солинмаганига жавоб беришолмаган.

Шунингдек, 11-мактабгача таълим муассасасида 64 нафар болага 6,4 килограмм ўрнига 4 килограмм гўшт солиб, таом тайёрланган.

Нарпай туманидаги 32-мактабгача таълим муассасасининг ошхонасида идиш-товоқларни ювиш учун ҳам шароит йўқлигига мутасаддилар ҳамон бепарво қараб келмокда. Омборхона тозаланмаган. Бу ерда сақланадиган картошка ва пиёз маҳсулотлари сифати бузилган.

64-мактабгача таълим муассасаси омборхонасида қўланса ҳид анқиб турибди. Ошхонада идиш-товоқларни ювиш учун шароит яратилмаган.

Каттақўрғон шаҳар 19-мактабгача таълим муассасасида тарбияланувчиларга сариёғ ўрнига қўл бола маргарин маҳсулоти берилаётганига нима дейиш мумкин.

Иштихон туманидаги 13-мактабгача таълим муассасаси кафолатловчи ҳужжатлари бўлмаган озиқ-овқат маҳсулотларидан фойдаланилаётган бўлса, 20-мактабгача таълим муассасасида оқова сувлари (чиқиндиси) тўғридан-тўғри муассаса ҳудудига, болалар чўмиладиган ҳавза ёнига оқизилмоқда.

Булунғур туманидаги 9-мактабгача таълим муассасаси ҳамшираси таомнинг сифатини қайд этиш дафтарига намуна олмасдан “сифатли, рухсат” деб ёзиб қўйган. Ишчи гуруҳ ўрганган вақтда таомнома 169 нафар тарбияланувчига тузилган бўлса-да лекин муассасада 172 нафар борлиги аниқланган.

Табиий савол туғилади: 3 нафар боланинг озиқ-овқат маҳсулотлари қаёққа кетди? Бундан ким манфаатдор?

Вилоят ишчи гуруҳи 10-мактабгача таълим муассасасида шахсий уй кийимларидаги ошпазлар 4-5 кунлик гўштдан таом тайёрлашаётганига гувоҳ бўлган. Июль ойидаги 4 кунлик таомномада болалар сони кўрсатилмаган. Мақсад-муддао ва сабаб нима бўлганлигини ҳеч ким айтиб беролмаган.

Ургут туманидаги 21-мактабгача таълим муассасасида тайёрланаётган овқатга 90 нафар бола учун 9 ўрнига 8 килограмм гўшт солинган.

Йиғилишда аниқланган хато ва камчиликларга йўл қўйган мутасаддиларга нисбатан кескин чоралари кўриш белгиланган.

Ё.Гадоев.