Божхона қўмитаси Ҳиндистонда 5,3 кило тилла тақинчоқлар билан қўлга тушган ўзбекистонлик шахслар ишига изоҳ берди

ОАВларда Деҳлида саккиз ўзбекистонлик ушлангани ва қиймати 2,92 миллион рупийга (тахминан 35 минг АҚШ доллари) тенг тилла занжирлар мусодара қилингани ҳақида хабарлар тарқалди.

Божхона қўмитаси ахборот хизмати ҳолатга изоҳ берди:

"Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ва маҳаллий заргарларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2022 йил 23 декабрда қабул қилинган қарори бор. Қарорга биноан жисмоний шахслар қиймати 100 млн. сўмгача бўлган тайёр заргарлик буюмларини йўловчи божхона декларациясини тўлдирмасдан, 100 млн. сўм ва ундан ортиқ бўлганларини йўловчи божхона декларацияси асосида Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқишлари мумкин.

Заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчи якка тартибдаги тадбиркорлар заргарлик буюмларини йўловчи божхона декларациясини тўлдирган ҳолда, маълумотларни Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига киритмасдан Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудидан ташқарига тижорат мақсадларида олиб чиқишлари мумкин.

Яъни, эрта хулоса чиқаришга шошилманг - қайсидир мамлакатда ноқонуний олиб киришда тўхтатиб қолинган товар бошқа мамлакатдан ҳам ноқонуний равишда олиб чиқилганини англатмаслиги мумкин", дейилади Божхона қўмитаси муносабатида.