Божхоначилар 10 минг қутига яқин тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланмасига чек қўйишди

Тошкент вилояти божхона бошқармаси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида тамаки маҳсулотларининг божхона чегаралари орқали ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйишди.

Тезкор тадбир давомида Бекобод шаҳрида Қ.Д., С.О. лар қўшни давлат билан чегарадош ҳудудидан 118 миллион сўмлик 9500 қути тамаки маҳсулотларини ноқонуний тарзда олиб кираётганларида тўхтатиб қолинди.

Шунингдек, “Ойбек” чегара божхона пости ходимлари томонидан қўшни давлатдан пиёда ҳолда кириб келган фуқаро Ф.З. нинг қўл юклари белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилди. Натижада, ушбу шахснинг юклари орасидан йўловчи божхона декларациясида ёзиб кўрасатилмаган ва оғзаки сўровда тақдим қилинмаган, қиймати 1,5 миллион сўмлик 130 дона қути тамаки маҳсулотларини олиб кириш вақтида тўхтатиб қолинди.

Яна бир ҳолатда “Бекобод” темир йўл чегара божхона пости ходимлари томонидан аниқланди. Қўшни давлатдан “Бекобод” темир йўл бекати орқали транзит йўловчи поездида кириб келган фуқаро Қ.М. оғзаки сўровдан сўнг қўл юклари холислар иштирокида божхона кўригидан ўтказилди. Натижада унинг юклари орасидан божхоначиларга маълум қилинмаган 1,3 миллион сўмлик 130 қути тамаки маҳсулотлари борлиги фош этилди.

Давлат божхона қўмитаси хабарига кўра, ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда.