Болаларни соғлом ва сифатли овқатлантиришни биласизми?

Болаларни соғлом ва сифатли овқатлантиришни биласизми?
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси вилоят бошқармаси ташаббуси билан “Мактабгача таълим ташкилотларида соғлом ва сифатли овқатлантиришни ташкил этиш, аутсорсинг хизмати томонидан сифатли маҳсулотларни етказиш” мавзусида ташкил этилган семинарда шу саволга жавоб изланди.
Мактабгача таълим ташкилотлари раҳбарлари ҳамда ҳамширалари иштирок этган ўқув амалий семинарда болаларни белгиланган ягона таомнома бўйича овқатлантириш, таъминотчи корхоналар томонидан етказиб берилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг сифатига жиддий эътибор қаратиш лозимлиги тушунтириб ўтилди.
- Инсоннинг узоқ умр кўриши, энг аввало тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзига риоя қилишига боғлиқ, - дейди бошқарманинг болалар ва ўсмирлар гигиенаси бўлими бошлиғи Ирода Арипова. - Бунда албатта, асосий эътибор 3-6 ёшли болаларни белгиланган талаб ва меъёр ҳамда рацион билан овқатлантириш алоҳида аҳамиятга эга. Меъёрий ҳужжатларга асосан мактабгача таълим ташкилотларида юқумли касалликлар ҳамда овқатдан заҳарланиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида ишлатилишига рухсат берилмайдиган озиқ-овқат маҳсулотлари рўйхати шакллантирилган. Рухсат этилмаган маҳсулотларнинг истеъмол қилиниши ортидан болалар ўртасида турли хил юқумли касалликлар ҳамда овқатдан заҳарланиш ҳолатлари келиб чиқади.
Семинарда иштирокчиларга овқат тайёрлаш ва тақсимлаш жараёнларида гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиш, озиқ-овқат маҳсулотларининг сифатини назоратга олиш, сақлаш шароитлари ва санитария меъёрларига амал қилиш бўйича зарурий тушунчалар ҳам берилди.
Шунингдек, тадбирда боғчаларда ишлаётган ҳар бир ходим мавсумий тиббий кўрикдан ўтиши, тарбиячилар бирламчи санитар талабларни тўғри англаши айтиб ўтилди.
Жойларда ушбу мавзу доирасидаги семинарлар давом этмоқда.