Бўлган воқеа: Инсоф дегани нима?
Газ плитамиз яхши ишламай қолди. Уста қидириб, ажиб ҳолатларга дуч келдим. Биринчи уста инновацион экан: "Уйимга опкеб ташанг, вақтим бўлса кўриб, айтаман. Бир кўриб қўйишим 300 минг бўлади. Тузалса ҳам, тузалмаса ҳам шу гап".
Иккинчи устани руслар инсофли, ҳам билмайдиган нарсаси йўқ дейишганига шу миллатга мансуб устанинг рақамини топиб, дардимни айтдим. Плитанинг русумини сўради. "Артел", дейишим биланоқ хайр-маъзурниям насия қилди. Яна бир устани мақташганди, уйига беш марта бордим, ярим ставкада ҳоким-поким бўлиб ҳам ишласа керак, умуман уйидан тополмадим.
Охири, маҳалладаги отахонлардан бири билан гаплашиб, шу мавзудан сўз очгандим, у бир тенгдош танишининг манзилини айтди. Узоқроқда яшайдию, лекин ишининг пири, деди.
Топиб бордим. Йўл-йўлакай гаплашиб келдик. 73 ёшда эканлар, ўғил-қизлари уйли жойли бўлиб кетишганини, эрмак учун, зерикиб қолмаслик учун шундай ишларни қилиб турамизда, ўғлим, дедилар худди бу иш айбдек. Уйга келиб, 20 минутда ишни тугатган уста газни ёқиб берди, на ҳид бор, на бошқа муаммо. Яна: "Ўзим великда келаверардиму уйим сал узоқда, чарчаб қоламан бу иссиқда" дедилар. Уйларига обориб қўйишда ҳам гаплашиб кетдик. Икки кун олдин туғилган кунларига ўғиллари машина совға қилишганини айтиб қолдилар. Табрикладим. Уйларига етгач, иш ҳақи қанча бўлади, дедим.
Э, қўйсангчи, шу арзимаган иш учун пул олсам, менинг манзилимни айтган оғайнимни ҳурмати қаерда қолади, деди.
Мен эса қанча сўрасалар беришга тайёр эдим. Шу боис пул олмасалар хафа бўлишимни айтдим.
Майли ундоқ бўлса, ўн минг бер мингдан минг розиман, дедилар.
Кўзимдан ёш чиқиб кетди. 50 мингталик бердим. Худди у киши мени эмас, мен у кишининг ишини бажаргандек узоқ дуо қилдилар яна.
Инсоф дегани мана шу бўлса керак.
Мақсуд Жонихонов.