“Боқиманда” қишлоғидаги “Ғурбат” марказидан гапирамиз! Ҳажвия

“Ланж” туманидаги “Боқиманда” қишлоғида “Ғурбат” масъулияти мутлақо чекланган жамият шаклидаги янги марказ иш бошлади. Бу тумандаги бешинчи шундай тайинсиз муассасадир. “Ғафлат”, “Берсанг-ейман”, “Қаровсиз томорқа”, “Бер-бер” қишлоқларида ҳам фақат даъволар билан шуғулланувчи марказлар фаолият кўрсатаётганлиги ҳақида илгари, минг афсуски, хабар берган эдик.

   - Катталарга катта раҳмат, - дейди янги идора раҳбари Ғилай Итбосаров. – Йигирма йилдан бери тайинли иш қилмаганимга қарамасдан марказ очишга бепул рухсат беришди. Ҳокимият билан “Мен сенга тегмайман – сен менга тегма” шиори остида ўзаро шартнома имзоладик.

     Шуни айтиш керакки, “Ғурбат” МЧЖ аъзолари кўпайган эмасу, аммо камайгани ҳам йўқ. Чунки улар туғма “фазилат”га эга. Масалан, Найзангул исмли аёл беш йилда уч эркакдан уч нафар бола туққан. Икки фарзанди туғма касал. Ҳокимиятга мурожаат қилиб, уй сўраса, беришмаган. Кейин МЧЖ раҳбари ва фаоллари унинг номидан шикоят ёзиб, тўрт томонга юбордилар. Хуллас, Найзангулга уй беришди. Қайнонасини урган, бозорда ўғирлик қилган, қўшнисини чув туширган 5-6 нафар аёл ҳам қонунчилар ва жамоатчилик “ҳужуми”дан ҳимоя этилди. Бу борада “Бетимнинг қалини – жонимнинг ҳузури” халқ мақоли уларга қўл келди. 

    МЧЖ раҳбари фаол, фидойи аъзолари ҳақида фахр билан гапирди. Мисол учун, Гадой Беоров 55 ёшда. 20 йил уйида дўкон очиб, вино сотган. Иккита оиласи бор, аммо бугунга келиб номард хотинлар ва болалар ундан воз кечиб ўтирипти. Гадой бечора меҳнат дафтарчаси ҳам очмаган. Ҳозир у ўз эрки учун курашмоқда. Ҳокимиятдан, маҳалладан ёрдам сўраб турли идораларга мурожаат қилиш билан банд. Одамлар “Сенинг сал томинг кетган” деса ҳам марказ ғоясига содиқ қоляпти. 

      Хуносахоним (унинг асл исми Холниса, одамлар феълига қарабми, қисқартирибми, Хуносахон дейишади) қайнонасини пулини ўғирлаган, кўпни олдида унга қўл кўтарган. Маҳалладаги йиғилишдан сўнг у ҳам марказ сафига кирди. Ўқимаган, саводи бўлмаса ҳам юқорига ёзишга, иғво тўқишга уста. Профессионал! Шу сабабли маҳалла оқсоқоли унга “Агар бир-икки йил жим турсанг, сени маҳалладан кўчириб юбориш тўғрисидаги йиғилиш қарорини бекор қиламиз” деб ялинганмиш.

Марказнинг профессионал аъзоларидан бири илгари ички ишларда ишлаб, бир амаллаб пенсияга чиққан Ҳаким золотой. Оғзидаги ҳамма тиши тиллодан бўлгани учун одамлар уни шундай чақиришади. Ҳаким золотой арзчи ва шикоятчиларга услубий ёрдам кўрсатади, хатларни таъсирли ёзишни ўргатади.

     Хуллас, “Боқиманда”даги янги марказ катта воқеа бўлди. Ҳавас қилинг... э, кечирасиз ҳушёр бўлинг, одамлар! 

Ф.Тошев.