Бўш турган объектлар ва фойдаланилмаётган майдонлар ҳокимлик захирасига қайтариб олинади(ми?)
Бугунги кунда давлатга ва давлат улуши мавжуд бўлган корхоналарга тегишли, шунингдек, собиқ жамоа ва ширкат хўжаликларини тугатиш даврида сотиб олинган кўплаб фаолият кўрсатмаётган, самарасиз фойдаланилаётган бинолар, қурилиши тугалланмаган объектлар сақланиб қолмоқда.
Бундай объектлар билан ишлашда ёндашув ва иш услубининг тубдан ўзгартирилиши фаолият кўрсатмаётган, кам қувватли корхоналар фаолиятини тиклаш, янги иш ўринлари яратиш имконини берди.
Вилоят ҳокимлиги томонидан тақдим қилинган маълумотга кўра, улар белгиланган тартибда инвентаризациядан ўтказилиб, бинолар ва нотураржой хоналари умумий майдонининг 50 фоиздан кўпроғи (бир бино ёки нотураржой хонаси контури доирасида) товарлар ишлаб чиқариш ёки хизматлар кўрсатишда фойдаланилмай келинган бўлса, бўш турган объектлар ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари сифатида эътироф этилмоқда.
Шунингдек, қурилиши лойиҳа-смета ҳужжатида белгиланган норматив муддатларда тугалланмаган, қурилишнинг белгиланган норматив муддати мавжуд бўлмаган тақдирда қурилиш бошланган санадан бошлаб, 24 ой мобайнида қуриб битказилмаган ҳолларда кўчмас мулк объектлари қурилиши тугалланмаган объектлар ҳисобланади.
Жорий йилнинг ўтган олти ойи давомида вилоятда 138 та ҳолатда бўш турган объектларга нисбатан судларга даъво аризалари киритилган. Жумладан, фуқаролик ишлари бўйича судларга 42 та, иқтисодий судга 50 та, маъмурий судларга 46 та даъво аризалари киритилган. Шундан 76 ҳолатда бўш турган ер майдонлари ва эгасиз объектларни ҳокимлик захирасига олиш чоралари кўрилмоқда.
Судларга киритилган даъво аризаларининг 46 тасида хусусийлаштиришда қонун бузилишига йўл қўйилган ва инвестиция мажбуриятлари бажарилмаганлигига ҳуқуқий баҳо бериш сўралган. Шунингдек, ҳокимликлар томонидан 16 ҳолатда энг кам иш ҳақининг 100 бараваридан ортиқ солиқ қарздорлигини сўндириш ҳисобига ундирувни объектларга қаратиш бўйича судларга даъво аризалари киритилган.