«Ноль» қийматда олинган бинони ҳокимлик тадбиркорга нега бермаган?

Г.Алиева Пахтачи тумани Шамс Назар маҳалласида жойлашган собиқ “Хумор” санатория-профилактория бино-иншоотларини инвестиция мажбуриятларини қабул қилиш шарти билан “ноль” қийматда сотиб олган. Бу борада тузилган уч томонлама шартномага мувофиқ, Пахтачи тумани ҳокимлиги 15 кун муддатда ушбу бинони қабул қилиш-топшириш далолатномаси расмийлаштириб, объектни унга топшириши лозим эди. Бироқ туман ҳокимлиги мутасаддилари объектни унга топширмаган.

Маълум бўлишича, Самарқанд вилоят ҳокимининг 2018 йил 14 февралдаги қарорига мувофиқ, Пахтачи туманидаги собиқ “Хумор” санатория-профилактория бино-иншоотлари инвестиция мажбуриятларини қабул қилиш шарти билан “ноль” харид қийматида танлов асосида сотилиши белгиланган.

Самарқанд вилояти ҳудудий танлов комиссиясининг 2018 йил 10 августдаги 02-02/14-сонли йиғилиш баёнига асосан Гавҳар Алиева юқорида номи кўрсатилган объектни “ноль” харид қийматида сотиш бўйича танлов савдоси ғолиби деб эътироф этилган.

Шунга асосан, 2018 йилнинг 17 августда Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармаси, Пахтачи туман ҳокимлиги ва Г.Алиевалар ўртасида 53-сонли олди-сотди шартномаси тузилган.

Мазкур шартномага мувофиқ, тадбиркор бир йил муддатда 1,5 млрд. сўмлик инвестиция киритиб, 20 тадан кам бўлмаган янги иш ўринларини яратиш мажбуриятини олган.

Шунингдек, Пахтачи тумани ҳокимлиги харидор томонидан объектнинг ҳуқуқий ҳужжатлари тақдим қилинган кундан бошлаб, 15 кун муддат ичида қабул қилиш-топшириш далолатномасини расмийлаштириб, объектни харидорга топшириш ҳамда объектга кириш имкониятини бериш, инвестиция мажбуриятларини ушбу шартнома ва бизнес режага мувофиқ бажаришига тўсқинлик қилмаслик мажбуриятларини олган.

Бироқ ҳокимлик ўз мажбуриятини бажармаган. Тадбиркорнинг ушбу масалада бир неча маротаба юқори турувчи идораларга мурожаати ҳам натижасиз қолган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг Самарқанд вилоятида фаолият юритувчи ходимлари аралашуви билан Пахтачи туман ҳокимлиги томонидан собиқ “Хумор” санатория-профилактория биноси “Алиева Гавҳар Азаматовна” МЧЖ (директор Г.Алиева)га тегишли далолатнома асосида топширилиши таъминланди.

Жасур Турсунов,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони етакчи инспектори.