Бош вазир ўринбосари ургутлик онахонга ташаккур билдирди
Норой Эшқувватова Ургут туманининг Қайнарбулоқ маҳалласида истиқомат қилади. Онахон касаллик туфайли бу ҳаётдан эрта кўз юмган қизи ва куёвининг тўрт нафар фарзандини бир неча йилдан бери ўзи катта қилиб келмоқда.
Афсуски, улар улғайиб қолгач, тўйини ўтказиш билан боғлиқ ташвишлар онахонни ўйлатиб қўйди. Бош вазир ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раҳбари Зулайҳо Маҳкамова Ургутда сайёр қабул ўтказишини эшитгач, белгиланган манзилга қараб келаверди. Фурсати келгач, дардини айтди.
- Тўрт нафар фарзандни қийналиб бўлса-да, ўз зиммангизга олиб, вояга етказганингиз учун аввало сизга ташаккур,- деди Зулайҳо Маҳкамова. - Чунки ота-онасидан айрилган бола учун яқинлари, оила муҳитида катта бўлиши жуда муҳим. Сиз хавотир олманг, невараларингиз тўйини ўтказишда албатта ёрдам берамиз ва буни назоратга оламиз.
Шунингдек, сайёр қабулга соғлигини тиклаш, моддий ёрдам ва бошқа ўнлаб муаммолар билан мурожаат қилган аёлларнинг муаммоларига ечим изланди.
Шу куни Бош вазир ўринбосари З.Маҳкамова вилоят ички ишлар бошқармаси қошидаги вояга етмаганларга ижтимоий ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида ҳам бўлиб, бу ердаги шарт-шароитлар билан танишди. Мазкур марказда турли сабаблар билан ички ишлар идораларига тушиб қолган вояга етмаганлар вақтинча тарбияланади. З.Маҳкамова бу ердаги саккиз нафар қизлар билан суҳбатлашди, уларнинг дардини тинглади. Бу қизларни ота оналари ёки яқинлари бағрига тезроқ қайтариш чоралари кўрилишини таъминлаш кераклигини таъкидлади.
- Ҳар бир бола учун оила муҳитидан яхшироқ жой йўқ, - деди З.Маҳкамова мутасаддиларга тегишли вазифаларни белгилаб берар экан. - Ёпиқ муассасада тарбия топиш усули ўзини оқламаганини кўрдик. Ижтимоий ҳимояга муҳтож, нотинч оиладан кўпроқ хабар олиш, жамоатчиликни жалб қилиш, уларнинг жамиятга бегоналашувининг олдини олиш лозим. Бу маҳалла фаолларидан белгилаб берилган тизимли ишларни мунтазам амалга ошириш, ҳамкорликни йўлга қўйиш, муаммоси бор оилалар ҳолидан доимий хабар олишни тақозо этади.
Шунингдек, Бош вазир ўринбосари олий ва ўрта таълим муассасаларида ташкил этилган "Қизларжон" клуби фаолияти билан танишди, клубдан кўзланган мақсад ва вазифаларга тўхталиб ўтди.
Гулруҳ Мўминова.