Бошчўраш маҳалласи оғир ҳудуд тоифасидан чиқарилади
Бу маҳалла Пайариқ туманида жойлашган. "Бошчўраш"да 4 мингдан ортиқ аҳоли яшайди.
Аҳолини узоқ йиллардан бери қийнаб келаётган муаммолари ўз ечимини топадиган бўлди. Вилоят ва туман ҳокимлиги ишчи гуруҳи томонидан халқ қабулхонаси билан биргаликда маҳаллада ободонлаштириш, бунёдкорлик ишларини олиб бориш, ҳудуддаги инфратузилмани яхшилаш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда оғир ҳудуд тоифасидан чиқариш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.
Маҳалла аҳолиси учун бугунги кунда долзарб муамолардан бири, бу энергия таъминоти ва йўл билан боғлиқ масала ҳисобланади. Ҳудудда 4 та қишлоқ - Бошчўраш, Оқтош, Соҳибкор ва Балиқчи қишлоқлари мавжуд бўлиб, жами 270 та бетон устунлар ва 1 та трансформатор ўрнатиш, 4 та қишлоқнинг 2,7 км. тупроқ кўчаларни шағаллаштириш, 5 км. асосий йўлни таъмирлаш, Оқтош қишлоғида янги ичимлик сув иншооти қуриш ва 3,7 км. сув ва маҳаллага 9,4 км. алоқа тармоғи тортиш ҳамда Бошчўраш маҳалласи биносини таъмирлаш ва жиҳозлаш режалаштирилган.
Шу мақсадда Бошчўраш маҳалласида вилоят халқ қабулхонаси мудири М.Турдиев, туман ҳокимининг биринчи ўринбосари У.Олланов ҳамда вилоят ва туман тегишли ташкилотлар раҳбарлари иштирокида ўтказилган йиғилишда юқоридаги масалаларга асосан вазифалар белгилаб олинди.
Шунингдек, раҳбарлар хонадонма-хонадон юриб, аҳолининг мурожаатларини ўрганди. Маҳаллада яшовчи эҳтиёжманд оилаларга моддий ёрдам ва қурилиш материаллари олиб бериладиган бўлди. Хусусан, Балиқчи қишлоғида яшовчи О.Синдоровнинг хонадонида ҳам қурилиш ишлари бошлаб юборилди. Раҳбарлар ушбу хонадонда бўлиб, оилага озиқ-овқат маҳсулотлари топширди.