Бошингга кўтармасанг майли аммо онангга қўл кўтарма

– Ҳой, Нозимахон, эшитдингизми? Ҳурлиқо опанинг қизи яна уйига қайтиб келганмиш.

– Вой ўлмасам, қандай қиз эди-я...

– Қайнонаси-ку, майли, қайнотаси ҳам бу ишга аралашганига бало борми?

– Кўрсанг кўзинг тўймайдиган фарзанди бор. Уларга яна нима керак? Ҳайрон бўласан, киши.

– Э, сиз билмайсиз-да, опажон.  Куёвтўра пул топмасмиш. Қайнона ва қайнота аламини келинидан олармиш.

– Эсиз қизгина-я, эсиз фарзанд. Энди буёғи нима бўлади?..

Бундай гап-сўзлар, воқеалар кейинги пайтда кўпайгандай. Аслида масаланинг илдизи қаерда деган савол туғилади. Бор айбни келиннинг зиммасига ташлашни қачон бас қиламиз? "Иш қилмайсан, меҳмон кутишни билмайсан", шу ҳам баҳонами? Буларнинг барчаси   ҳаётга енгил-елпи қарашдан келиб чиқмаяптими?

Маҳалла оқсоқоли билан бир низоли оилага бордик. Масала – оилавий  жанжал, келин уйда иш қилмас эмиш.

– Йўқ, ўғлим бу келин билан яшамайди, – деб туриб олди қайнота.– Тоқатим тоқ бўлди, неварамни ҳам олиб кетаверсин. Бир ойнинг ичида ўғлимни онаси ўпмаган қизга уйлантириб қўяман.

Қайнотага тушунтиришга қанча уринмайлик, бефойда. "Ўғлимни яна уйлантираман, гап тамом-вассалом", деган гапни такрорлашдан нарига ўтмайди.

Ёш эр-хотин бирга яшашни истайди. Лекин йигит отасининг раъйига қарши боролмайди. Бир хотини ва боласига, бир отасига қараб, нима де­йишни ҳам билмайди.

Ота-она ўз ўғли бахтини ўйламайдими, келинини оиласининг янги аъзоси, қизи деб билмайдими? Ёшлар катта ҳаёт остонасида хато қилаётган бўлса, уларни тўғри йўлга бошлаш, турмушнинг паст-баландини тушунтириш ота-онанинг вазифаси эмасми?

– Илгари хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг бандлигини таъминлаш, оилаларда соғлом маънавий муҳитни шакллантириш каби вазифаларни бажаришга хотин-қизлар қўмитасининг ҳам, бизнинг ҳам "қўлимиз калта"лик қиларди, – дейди Пайариқ тумани "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази раҳбари Дилфуза Мамасолиева. – Маҳалладаги диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар ҳам ўз иши қолиб, турли юмушлар билан банд қилиб қўйиларди. Натижада улар "Фалон оилага кирдим, фалонча оилани яраштирдим", деган ёлғон маълумотлар билан дафтар қоралаб қўярди. Бугун эса Президентимиз фармони билан хотин-қизлар қўмиталари фаолияти тубдан такомиллашди. Бизнинг марказимиз ҳам янгича асосда қайта ташкил этилди. Маҳалладаги маслаҳатчи вазифаси ўрнида хотин-қизлар қўмитасининг бевосита оилалар билан ишлайдиган мутахассиси штати жорий этилди. Айни пайтда хотин-қизлар қўмитаси ва бошқа жамоат ташкилотлари билан яқин ҳамкорликда иш олиб бориб, оилаларни мустаҳкамлаш, ёшларни оилага тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратяпмиз. Нотинч ва ажрим ёқасига келиб қолган оилалар билан ишлаш фаолиятимизнинг асосини ташкил этяпти. Битта оилавий ажримнинг олдини олсак ҳам бир неча кишининг эртанги тақдирига дахлдор эзгу иш қилган бўламиз. Бунда уйма-уй юриш, одамлар билан юзма-юз мулоқот қилиш ишимиз натижадорлигини таъминламоқда. Оилаларга кириб, уларнинг турмуш тарзи, муаммоларидан хабардор бўлгач, масалага ечим топиш осон кечмоқда. Лекин ўрганишлар давомида бировга айтсангиз ишонмайдиган ҳолатларга ҳам дуч кел­япмиз. "Фарзандим ичиб олиб, дўппослайдиган бўлди", дея кўзларига ёш олди бир онахон. Бу гапдан барчамиз ларзага тушдик. Қандай ўғил эканки, у бутун ҳаётини, борлиғини бағишлаган волидасига қўл кўтарса? Зўравон ўғил билан гаплашдик, лекин унга гап уқтириш бефойда эканлигини билиб, тегишли идораларга мурожаат қилдик.

Оила, ҳаёт юки оғир. Уни кўтариш учун аввало, эр-хотин бунга тайёр бўлиши, бир-бирига елка тутиши лозим. Атрофдагилар – ота-она, қариндош-уруғ эса уларга тўғри йўл кўрсатиши, янги оиланинг пойдеворини мустаҳкамлашга ёрдам бериши лозим.

 

Ҳусниддин ХОЛДОРОВ.