Бошланғич синфлар Финландия тажрибаси усулида ўқитилади

Бугун Президентимиз Олий Мажлисга ва халқимизга Мурожаатномасида келаси йилдан бошланғич синфларда мутлақо янги методика асосида яратилган дарсликлар бўйича ўқитиш йўлга қўйилиши таъкидланди. Айни пайтда айрим мактабларда Финландия усулида дарс бериш тажриба сифатида қўлланилаётгани ва унинг самараси бу ташаббуснинг нечоғли фойдали бўлишини кўрсатяпти.

Финландия тажрибаси усулидаги дарсликлар болани креактив фикрлашга, муаммоли вазиятлардан ўз ҳаракати билан чиқиб кетишга ўргатади. Ҳозирги методикада ўқитувчи дарсда кўпроқ ишласа, янги дарсликларда болалар кўпроқ ишлайди. Шунингдек, янги методда битта мавзу ҳамма фанларда ўзига хос тарзда ўтилади. Масалан, табиатшунослик фанида денгиз суви ҳақида мавзу бўлса, она тили, математика фанида ҳам денгиз суви ҳақида машқ ва мисоллар берилади.

Бундан ташқари, ҳозирги бошланғич синф ўқувчилари учун чоп этилган дарсликлар ҳажми жиҳатидан катта бўлиб, уни бола қийналиб кўтаради. Эндиги янги дарсликлар ҳар чораклик учун алоҳида, машқ дафтарлари билан бирга ва кичик ҳажмда чоп этилади.

Ҳозирги ёш авлод кечагилардан бутунлай фарқ қилади. Уларга билим беришда хорижий тажрибалар, аудиомантлар ва расмлар ёрдамида дарс ўтиш мақсадга мувофиқ.   

Дилафрўз БОЗОРОВА,

Самарқанд шаҳридаги 16-умумий ўрта таълим мактаби бошланғич синф ўқитувчиси.