Ботиржон Нуруллаев: Самарқанд шаҳридаги қурилиш ишлари ЮНЕСКО вакилларини хавотирга қўйганди
ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси қўмитасининг яқинда Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида ўтказилган 43-сессиясида Ўзбекистон делегациясининг Шаҳрисабз, Самарқанд ва Бухоро шаҳридаги маданий меросни сақлаш билан боғлиқ ҳисоботлари ҳам кўриб чиқилди.
Ушбу сессияда Самарқанд вилоят ҳокимининг туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Ботиржон Нуруллаев иштирок этди. Сессияда Самарқанддаги маданий мерос объектларининг аҳволи, шаҳардаги қурилиш ишларининг унинг тарихий кўринишига таъсири юзасидан ҳисоботлар тақдим этилди. ЮНЕСКО вакиллари бу борада ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
Сессияда Самарқанддаги маданий мерос объектлари ҳақида билдирилган фикрлар бўйича Б.Нуруллаевдан сўрадик.
– Маълумки, 2022 йилда Самарқанд шаҳрида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг навбатдаги саммитини ўтказиш кўзда тутилган, - дейди Б.Нуруллаев. – Шу муносабат билан шаҳарда бир қатор янги объектлар қуриш, кенг кўламли ободонлаштириш ишлари олиб бориш режалаштирилган. ЮНЕСКО мутахассислари бу борада ўз таклиф ва тавсияларини билдирди. Таъкидлаш керакки, бу ишлар ЮНЕСКО билан маслаҳатлашилган ҳолда, таклиф этилаётган лойиҳалар бўйича уларнинг хулосасини олингандан сўнг амалга оширилади. Шунингдек, бунда шаҳарнинг бош режасига алоҳида эътибор қаратилади, қурилиш ишларининг маданий мерос объектларига таъсир этмаслиги ҳисобга олинади.
Бу масалаларда яна бир бор ЮНЕСКО экспертлари билан ҳамкорликда иш олиб боришга келишиб олдик. Яқин кунларда ушбу ташкилот экспекторларининг Самарқандга ташрифи кутилмоқда. Шаҳардаги барча ўзгаришлар улар билан ҳамкорликда амалга оширилиши режалаштирилган.
Қолаверса, аввалги йилларда Самарқанд шаҳрида 147 та объектлар қурилишида камчиликларга йўл қўйилгани ҳам ЮНЕСКО вакилларини жиддий хавотирга қўйганди. Ушбу масалада айни кунларда иш олиб борилаётгани ва қонуний асосда ҳал этилаётганини маълум қилдик.