Бозорлар ҳам рақамлашади

Вилоят прокуратураси ташаббуси билан “Sam-bozor” (рақамли бозор) дастури амалиётга жорий қилинган. Бунда сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланган ҳолда рақамли “электрон алоқа” тизими йўлга қўйилган.

Паст Дарғом туманидаги бозорларда хизмат сифатини яхшилаш ва уни “коррупциядан холи соҳага айлантириш” юзасидан ўтказилган семинарда шу ҳақда сўз юритилди.

Тадбирда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи А.Бобоев, вилоят прокурори М.Эшназаров, ИИБ бошлиғи Р.Маматов, туман (шаҳар) прокурорлари, ташкилот раҳбарлари, маҳаллий ҳокимлик вакиллари иштирок этди.

Семинарда вилоят прокуратураси ташаббуси асосида амалиётга жорий қилинган “Sam-bozor” (рақамли бозор) дастури имкониятлари ва эришилган натижалар ҳамда  сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланган ҳолда рақамли “электрон алоқа” тизими жорий этилганлиги, рақамлаштириш орқали инсон омилини қисқартириб, бозорлар фаолиятини коррупциядан холи соҳага айлантириш борасида олиб борилган ишлар намойиш этилди.

Бозор фаолиятини рақамлаштирилиши натижасида 152 та дўкон алоҳида абонент сифатида рўйхатдан ўтказилиб, 53 кВТ аккумляторли қуёш панели ўрнатилган, “бозорни энергия мустақиллиги” таъминланиши натижасида давлатга сотилаётган электр ҳисобидан қўшимча даромад манбаси яратилган.

Семинар давомида бозорлар ва бошқа соҳаларни тўлиқ коррупциясиз соҳага айлантириш, ушбу иллатга муросасиз муҳитни шакллантириш, манфаатлар тўқнашуви ҳолатини юзага келишининг олдини олиш борасидаги ишларни изчил давом эттириш, коррупцион ҳолатларни келтириб чиқарувчи омиллар, сабаблар ҳамда "туйнук"лар ва уларни бартараф этишни вилоятнинг қолган ҳудудларида ҳам жорий этиш бўйича масъулларга топшириқлар берилди.