Британия тоғ-кон саноати компаниялари вакилларидан иборат делегация 12-16 февраль кунлари Ўзбекистонда бўлади

Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонасида Буюк Британиянинг «MMD Mineral Sizing Europe» компанияси вакиллари билан учрашув ўтказилган.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон томони билан ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва юртимизга хорижий инвестицияларни жалб этиш масалалари муҳокама қилинган.

Шунингдек, жорий йилнинг 12-16 февраль кунлари Британия тоғ-кон саноати компаниялари делегацияси таркибида «MMD Mineral Sizing Europe» вакилларининг Ўзбекистонга ишчи сафарини юқори даражада ташкил этиш масалалари хусусида фикр алмашилди.

Британия томонининг айтишича, мазкур ташриф британ компаниялари учун Ўзбекистон тоғ-кон саноати тўғрисида батафсил маълумот олиш, ушбу жабҳанинг кенг имкониятлари ва мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлиги билан бевосита танишиш имкониятини беради.

«MMD Mineral Sizing Europe» компанияси 1978 йилда ташкил этилган. Корхона инновацион материалларни қайта ишлаш технологиялари туфайли глобал тоғ-кон саноати, карьер ва қайта ишлаш соҳаларида фаолият олиб боради. Шунингдек, мазкур компания кўмир, цемент, металлар ва қайта ишлаш соҳаларини ўз ичига олган кенг кўламли саноат машиналарини ишлаб чиқаради. Компаниянинг инновацион технологиялари, айниқса, минералларни ва рудаларни саралаш ва ташиш соҳаларида Австралия, Африка, Осиё, Европа, Жанубий ва Шимолий Америка минтақалари мамлакатларида жорий этилган, дея хабар бермоқда "Дунё" АА.