Бу йил абитуриентлар йўналишлар кесимида тест топширади

– Олий таълим муассасаларига кириш тест синовлари жорий йилнинг 29 июлидан 13 августига қадар ўтказилади, – дейди Давлат тест марказининг Самарқанд вилоят бўлими бошлиғи Носир Эшонқулов. – Имтиҳонлар Самарқанд вилоятидаги 5 та катта сиғимдаги биноларда бўлиб ўтади. Бу бинолар – Самарқанд давлат университети академик лицейининг спорт зали, спортнинг ўйин турлари ва енгил атлетикага ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг 3 та спорт зали ҳамда Самарқанд педагогика ва хизмат кўрсатиш коллежининг спорт заллари. Тест синовлари ўтказилиши белгиланган биноларга икки сменада ҳар куни 6120 нафар абитуриентнинг тест топшириши режалаштирилган. Бу йилги тест синовларини ўтказишда олий таълим муассасалари навбати билан қамраб олинмайди, аксинча, жараён йўналишлар кесимида амалга оширилади.  

Тест синовларида иштирок этиш учун вилоятимиздаги олий таълим муассасаларига кириш истагида рўйхатдан ўтган 96 минг 56 нафар (шундан 6602 нафари бошқа вилоятлардан келиб тест топширадиган абитуриентлар) абитуриент қатнашиши режалаштирилган. Тест синовлари икки сменада, яъни ҳар куни 08:00 (07:30 га қадар абитуриентлар ўз ўрнида жойлашган бўлиши шарт) ва 15:00 (14:30 га қадар абитуриентлар ўз ўрнида жойлашган бўлиши шарт) да бошланади.

Олий таълим муассасаларига кириш тест синовлари ўтказилиши режалаштирилган биноларга киришда абитуриентлар фейконтрол  ва бармоқ изларини сканерлаш қурилмалари орқали назоратдан ўтказилади. Шу билан бирга тест синовлари ўтказиладиган биноларда абитуриентлар томонидан алоқа воситаларидан фойдаланишнинг олдини олиш учун махсус қурилмалар ўрнатилади.

Шунингдек, бинолардаги тест жараёнларини ота-оналар мазкур ҳудуд яқинида жойлашган СамМИ клиникаси ва Сиёб тиббиёт коллежи ҳовлисида ўрнатилган мониторлар орқали кузатиб боради. Мониторларда айрим носозликлар кузатилганда эса ота-оналар вакиллари тест синовлари давом этаётган бинога кириб, жараённи бевосита кузатиб чиқиш имконига эга бўлади.