Бу йил Самарқандда 180 километр цемент-бетон қопламали ички йўллар барпо этилиши лозим

Айни пайтда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида йўл инфратузилмасини ривожлантириш ҳамда ички йўлларни яхшилаш бўйича устувор вазифалар, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги ишлар, давлат хизматларини кўрсатишни соддалаштириш, бюрократик тўсиқларни қисқартириш ҳамда давлат хизматларини кўрсатиш миллий тизимини ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

Унда Президент масъуллардан ҳар бир вилоятда йирик цемент корхоналари ва хусусий корхоналар билан биргаликда йўл қуриш ва эксплуатация кластерларини ташкил этиш орқали ички йўлларнинг эгасини топиш бўйича берган топшириғи ижросинисўради.

"Бу борада Қорақалпоғистон, Жиззах, Қашқадарё ва Навоийдаги ишлар аҳволи қолган ҳудудларга қараганда ҳали суст”, деди Президент.

Бу ҳудудлар ҳокимларига масаланинг ичига кириб, жиддий шуғулланиши шартлиги кўрсатиб ўтилди.

Умуман, 2022 йилда 2 минг 300 километр, шу жумладан Андижонда 270 километр, Фарғонада 200, Қашқадарё ва Тошкент вилоятида 190, Навоий, Наманган ва Самарқандда 180, Бухоро, Жиззах ва Сурхондарёда 170, Қорақалпоғистон ва Хоразмда 160, Сирдарёда 150 километр цемент-бетон қопламали ички йўлларни барпо этиш вазифаси қўйилди.

Бунинг учун 2022 йилда цемент ишлаб чиқариш ҳажми 3,5 миллион тоннага кўпаяди. Яъни, жорий йил якуни билан маҳаллий цемент ишлаб чиқариш ҳажми 18 миллион тоннага етади. Бу билан ички эҳтиёжлар тўлиқ қопланиши таъкидланди.