Пахта учун кластерлар масъул
Жорий йилда вилоятимиздаги 1 958 фермер хўжалиги 75 580 гектар майдонда пахта етиштирмоқда ва бу йилги ҳосил учун ҳудудлардаги 8 та пахта кластер корхонаси билан шартномалар тузилган. Вақтида ўтказилган агротехник тадбирлар натижасида ҳар гектаридан ўртача 27,1 центнер ўрнига 33,7 центнердан ҳосил олиш режалаштирилган.
Бу ҳақда вилоят Матбуот уйида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган матбуот анжуманида билдирилди.
- Бу йил пахтани териб олиш тўлиқ кўнгилли теримчилар ёрдамида амалга оширилади, - дейди инспекциянинг вилоят бошқармаси бошлиғи биринчи ўринбосари Даврон Ачилов. – Бунинг учун 7 та пахтани қайта ишлаш корхонасида тайёргарлик ишлари якунланиб, жами 2250 та терим отрядлари шакллантирилмоқда. Яъни, мева-сабзавотчиликка ихтисослашган туманлардаги фермер хўжалиги ишчилари пахтакор туманларидаги терим ишларига жалб этилади.
Бундан ташқари, мавсумга тайёргарлик доирасида 10-19 сентябрь кунлари 65 минг 580 гектар майдондаги ғўзани ўз вақти ва сифатли дефолиация қилиш юзасидан мунтазам мониторинг ўтказилмоқда. Бунинг учун Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори ҳам қабул қилинган. Бунинг учун вилоят “Агрокимёҳимоя” ХАЖ ва пахта тўқимачилик кластерлари томонидан 273 тонна яқин дефолиант захираси шакллантирилди.