Бу йилги қишда ҳам электр таъминотида «лип-лип» ўйини бўладими?
2020-2021 йилларда куз-қиш мавсумига таёргарлик ишларини назорат қилиш Республика ишчи гуруҳи томонидан Самарқанд вилоятини электр энергияси билан таъминлашдаги муаммо ва камчиликлар ўрганилди.
Жорий йил вилоятда 8301 километр, жумладан, 2767 километр электр узатиш тармоқларини мукаммал, 5534 километрини эса жорий таъмирлаш кўзда тутилган. Шунингдек, 2363 та трансформатор пунктларини мукаммал ва жорий таъмирдан чиқариш белгиланган. Бугунга қадар 75 фоиз, яъни 2074,4 километр электр узатиш тармоқлари мукаммал, 4230,9 километри эса жорий таъмирдан чиқарилди. 1840 дона трансформатор пунктлари таъмирланди.
Ўзэнергоинспекция мутахассислари ўрганишлари натижасида жорий йилнинг ўтган даврида 1214 та аварияли ўчишлар содир бўлганлиги маълум бўлди. Жумладан, Самарқанд шаҳар электр тармоқлари идораси айби билан 204 та ҳолатда таъминот ўчириб қўйилган. Шунингдек, Ургут туманида 133, Тойлоқда 93 марта ўчиш ҳолати содир этилган.
Электр таъминоти масаласида ўтган даврда “Самарқанд ҲЭТК” акциядорлик жамиятига истеъмолчилардан 2752 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 1909 таси электр энергияси билан сифатсиз таъминланганлик ва тез-тез ўчишлар бўйича бўлган. 121 та мурожаат Каттақўрғон шаҳридан, 218 таси Пахтачи туманидан келиб тушган.
Инспекция мутахассислари томонидан ўрганишларда 74 та кўп қаватли уйларнинг 50 тасида камчиликлар мавжудлиги аниқланди. Жумладан, яксарият уйларда электр шитлар қулфланмаган, сақлагичлар ўрнига симлар уланган ва ерлатиш контурлари профилактик синовдан ўтказилмаган. 8 та тиббиёт муассасасида ички, 4 тасида ташқи электр таъминотида хато ва камчиликлар борлиги аниқланди. Шунингдек, бу каби инсон ҳаёти учун хавф солувчи ҳолатлар 16 та халқ таълими муассасасида мавжудлиги маълум бўлди.
Самарқанд вилояти уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси ахборот хизмати.