Бугун 806 нафар педагог иккинчи малака тоифаси учун тест синовларидан ўтади
Аввал хабар берганимиздек, Самарқандда халқ таълими тизимида фаолият олиб бораётган иккинчи малака тоифасига талабгор педагог кадрларнинг малака (тест) синовлари бўлиб ўтмоқда. Тест синовлари 5 октябрдан бошланган бўлиб, Самарқанд давлат университетининг иккита спорт залида ташкил этилган.
Тест саволлари тажрибали мутахассислар томонидан тузилган ҳамда халқ таълими вазирлиги томонидан экспертизадан ўтказилган.
- Тест саволлари мактаб дарсликлари асосида 40 тадан тузилган, 24 тадан юқорисини ечган ўқитувчи иккинчи тоифани олади, - дейди Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси вилоят ҳудудий бўлими бошлиғи Ғайрат Бобохолов. – Табиий ва аниқ фан ўқитувчиларига 1,5 соатдан вақт берилади. Шу вақт ичида улар берилган тест саволларини ечиши керак. Берилган муддат тугагач, компьютерда ўқитувчининг тўплаган бали эълон қилинади.
Тест жараёнини адолатли ўтказиш мақсадида махсус ишчи гуруҳ тузилган. Тест синовларини назоратчилар кузатиб бормоқда. Залларга камералар ўрнатилган, жараённи халқ таълими вазирлиги тўғридан-тўғри кузатиб бормоқда.
Пандемия шароитида тест синовларидан ўтиши керак бўлган ўқитувчиларнинг ҳаммаси ҳам қатнаша олмаяпти. Масалан, 5 октябрь куни 611 нафар ўқитувчидан 120 нафари тест синовларига келмаган бўлса, 6 октябрь куни 935 нафар ўқитувчидан 192 нафари қатнашмади. Шунингдек, тана ҳарорати юқори бўлган ўқитувчилар ҳам тест синовларига киритилмайди.
Бугун физика, кимё, география, биология, иқтисодий билим асослари фанларидан жами 806 нафар ўқитувчи тест синовларида қатнашиши режалаштирилган. Ушбу жараён 10 октябргача давом этади.
Хуршида ЭРНАЗАРОВА.