Бугун Маҳмудхўжа Беҳбудий туғилган кун: Буюк маърифатпарвар нега қатл этилган?

Таниқли драматург, публицист, жамоат арбоби, жадидчилик ҳаракати етакчиларидан бири Маҳмудхўжа Беҳбудий 1875 йил 19 январда Самарқандда туғилган.

Беҳбудий дастлаб янги мактаблар учун дарсликлар тузган. «Рисолаи асбоби савод», «Рисолаи жуғрофияи умроний», «Мунтаҳаби жуғрофияи умумий», «Китобат ул-атфол», «Амалиёти ислом», «Тарихи ислом» каби китоблар чоп эттирган.

1911 йилда «Падаркуш» драмасини ёзган. "Самарқанд" (ҳозирги "Зарафшон") газетасини, сўнгра «Ойна» журналини чиқарган.

1919 йил баҳорда Шаҳрисабзда Бухоро амирлиги одамлари томонидан қўлга олинади, Қаршида зиндонга ташланади ва қатл қилинади.

Хўш, нега Беҳбудий қатл қилинган? Унинг қайси иши" қудрат соҳиблари"га ёқмай қолганди?

Манбаларда ёзилишича, бу борада дастлабки эҳтимол Бухоро амири Сайид Олимхон билан боғлиқ. Гап шундаки, Беҳбудий "Ойина" журнали ҳамда "Туркистон вилояти газети"да эълон қилинган мақолаларида Русия Бухорога туртки бермаса (тарбия этмаса), маориф соҳасида амирлик янгилик қилишга қодир эмаслигини уқтиради. Абдурауф Фитратнинг "Мунозара" асари "бухорийларнинг кўзини очади - уйғонмоқлигига боис бўлади", дейди. Бу, тушунарлики, амир мудраб ётибди, дегани эди.

ХХ аср бошларида, ривожланган давлатларда телеграф, почта, темир йўл, банк ва тиббиёт (дорихоналар) одатдаги ҳаётий эҳтиёжга айлангани ҳолда, Бухоро амирлигида тараққиётнинг бу унсурлари йўқлиги, истеъдодли ёшларни хорижда ўқитиш - келажак бошқаруви учун муносиб кадрлар етиштириш бўлиши, Бухоро амирлиги (аниқроғи, амири) ғафлатда ва замондан хабарсиз, деган фикрлар "олампаноҳ"га ёқмайди.

Беҳбудийнинг Бухоро иқтисодиёти ва ахлоқи ҳақидаги мана бу сўзларига эътибор беринг: "Самарқандда Бухоридин гадо, ўғри, қимори, жувонбачча, фоҳишалар келур".

Бу иддаолар ғараз билан эмас, Туркистон ғами ўртаётган тараққийпарвар инсоннинг жаҳолат гирдобида қолган Бухорони ривожланган ҳолда кўриш, илм-маърифат равнақи билан келажакка қадам қўйишини орзулаш билан қаттиқ боғлиқ эди. Кўриниб турибдики, Беҳбудийни орадан кўтариш учун амирга асослар "етарли" эди...

2020 йил Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудига 145 йил тўлди. Шу муносабат билан Тошкентдаги "Адиблар хиёбони"да буюк маърифатпарварнинг ҳайкали ўрнатилди, журналистика ва оммавий коммуникациялар университети талабалари учун Маҳмудхўжа Беҳбудий номидаги стипендия таъсис этилди. Шунингдек, Самарқанд шаҳрида уй-музейи очилди.

Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 30 сентябрдаги фармонига кўра, Беҳбудий Ватанимизнинг юксак мукофоти – “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланди.