Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Бугундан абитуриентларни онлайн тарзда рўйхатга олиш бошланди

Бугун, 20 июнь куни 2022/2023 ўқув йили учун олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига абитуриентларни онлайн рўйхатга олиш бошланди. Бу ҳақда давлат тест маркази хабар бермоқда.

Абитуриентлар телефон рақамини авторизациядан ўтказиб, паспорт маълумотлари, доимий яшаш манзили ва тугатган таълим муассасаси бўйича маълумотларни киритишлари, шунингдек, имтиёзлари мавжуд бўлса, уларни текширишлари ҳамда чет тилидан миллий ёки халқаро сертификатга эга бўлса, сертификат маълумотларини киритишлари мумкин.

Таълим йўналишларини эса 2022/2023 ўқув йили учун қабул параметрларининг таълим тиллари бўйича тақсимоти тасдиқланганидан сўнг танлаш мумкин бўлади.

Абитуриентларни рўйхатга олиш Давлат тест марказининг my.dtm.uz сайти ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали онлайн амалга оширилади.

Рўйхатга олиш 20 июлга қадар (20 июль куни ҳам) давом этади ва абитуриентлар 20 июлга қадар ўз маълумотларини ўзгартиришлари ҳамда чет тилидан миллий ёки халқаро сертификатга эга бўладиган бўлса, сертификат маълумотларини киритишлари мумкин бўлади.

Чет тилидан касбий (ижодий) имтиҳон ўтказиладиган бакалавриат таълим йўналишларига онлайн рўйхатга олиш эса 10 июлга қадар (10 июль куни ҳам) амалга оширилади.