Бугунги фермер фақат ерда ишлайдиган деҳқон эмас, у агробизнес етакчиси, тадбиркор, ҳосилот, соҳанинг етук мутахассиси бўлиши керак

Самарқанд вилояти фермерлари Кенгаши Раёсати фермерларга мурожаат қилмоқда.
Ҳурматли фермерлар, миришкор деҳқонлар!
Президентимиз жорий йилнинг 1-2 май кунлари Хоразм вилоятига ташрифида қишлоқ хўжалиги тармоғида амалга оширилиши зарур бўлган муҳим вазифалар, айниқса, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, экинларни юқори агротехник даражада парваришлаш, фермер хўжаликларини замонавий технологиялар билан жиҳозлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Сувни иқтисод қилиш бўйича Хоразм ўз тажрибасини яратди. Бунда фермер ва деҳқонлар томонидан 93 минг гектар ер майдонини лазерли текислаш йўлга қўйилгани, 196 минг гектар ерга эса сув тежовчи технологиялар ўрнатилганлиги натижасида йилига 1 миллиард куб метр сув иқтисод қилингани таъкидланди. Келгусида Австриянинг “Бауэр” компанияси билан ҳамкорликда 7,5 минг гектарда ёмғирлаб суғоришни жорий этиш режалаштирилмоқда.
Самарқанд вилоятида фаолият юритаётган илм, технология ва тажрибани асосий иш қуролига айлантирган замонавий фермерларимиз минерал ўғитлар ўрнига биотехнологиялардан оқилона фойдаланишга интилиб, илмий тавсиялар асосида ҳашаротлар ва касалликларга қарши биологик усулларни кенг жорий этмоқда. Зеро, ҳар бир юртдошимиз яхши билади бугунги фермер фақат ерда ишлайдиган одам эмас - у агробизнес етакчиси, тадбиркор ва мутахассисдир. Шу боисдан ҳар бир ҳудудда маҳаллий шароитга мос агротехник тадбирлар белгиланмоқда.
Ҳурматли деҳқон ва фермерлар!
Айни кунларда ғалладан юқори ҳосил кутилмоқда. Ҳосилга ҳосил қўшиб, юқори марраларга эришиш учун қуйидаги кечиктириб бўлмайдиган долзарб ишларни амалга оширишимиз зарур:
Ғалла ҳосили пишиши арафасида дала майдонларини сув бостирмасдан пешма-пеш шарбат усулида суғориш ишларини амалга оширишимиз керак. Ҳосилни нест-нобуд қилмасдан йиғиштириб олишда ўрим комбайнларини мавсумга тайёргарлигини яна бир бор кўриб чиқиш зарур.
Вилоятимизда пахта экиш мавсуми муваффақиятли якунланди. Далаларда ғўзадан тўлиқ ниҳол ундириб олинди. Энг муҳими сувнинг олдинги йилларга нисбатан кўпайиши бу йилги ҳосилнинг мўл бўлиши гаровидир. Юқори хирмон яратиш учун бугун зарур агротехник тадбирларни кечиртирмасдан амалга ошириш лозим.
Туманларда ҳар бир фермер кесимида агротехник тадбирларни ўтказиш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш, шу асосда ишларни аниқ ташкил қилиш;
- ғўза униб чиққан майдонларда гектарига 200 килограмм карбамид ва 100 килограмм калийли минерал ўғити билан культивация қилиш;
- ғўза майдонларидаги мавжуд бегона ўтларни тез фурсатда тозалаб, бегона ўтдан тозаланмаган ғўза майдонларига минерал ўғит бермаслик бўйича фермер хўжалик раҳбарларини қатъий огоҳлантириш лозим;
-сувчиларга тўлиқ шароит яратиб берган ҳолда, ғўзани суғоришда сувнинг исрофгарчилигига йўл қўймасдан, 1- ва 2- суғориш ишларини белгиланган муддатларда якунлаш чорасини кўриш зарур;
- ривожланишдан орқада қолаётган ғўза майдонларини қўшимча озиқлантириб, шу қатори қўшимча культивация, чуқур юмшатиш, суспензия сепиш ишларини ҳамда суғоришни фақат шарбат ва фекал билан ўтказиш керак;
- ғўзанинг турли касалликлари, ҳашаротларга қарши курашиш учун биолабораторияларни тўла қувват билан ишлатиш лозим. Асосан, биомаҳсулотларни далага эрталаб ва кечки пайтда белгиланган тартибда чиқариш керак. Ҳар бир гектар ғўза майдонига 2 тадан феромон тутқич ва 10 та суюқлик солинган идишларни ўрнатиш ҳамда ҳар 3 кунда суюқлик, клей ва капсулаларни янгилаб туриш шарт (албатта мутахассис тавсияси асосида).
Ҳурматли фермерлар ва кластер раҳбарлари!
Сизларнинг фидокорона меҳнатингиз натижасида аҳоли табиий, сифатли озиқ-овқат билан таъминланмоқда. Қишлоқларда ҳаёт сифати яхшиланиб, янгидан-янги иш ўринлари яратилмоқда. Экспорт салоҳияти ортиб, юртимиз брендини дунё танимоқда.
Айни кунларда ғалла ва пахта далаларидаги барча агротехник тадбирларни тезкорлик билан, аниқ режа асосида амалга ошириш талаб этилади. Бунинг учун сувни тежаб, белгиланган муддатда суғоришни таъминлаш, минерал ўғитлардан ва ердан оқилона фойдаланиш ҳамда ўрим-йиғимга сифатли тайёргарлик кўришга қатъий бел боғлаш, бу муддатларни ўтказиб юбормаслик зарур.
Ишонамизки, фермерларимиз билим, тажриба ва меҳнатсеварлиги билан бу йил ҳам юксак натижаларга эришади.