Бугуннинг гапи: Кузатиш ва тажриба ҳам мунажжим

Ота-боболаримизнинг қиш ойларининг охирида совуқ бўлиши сабаб ва оқибатлари тўғрисидаги таърифларини кўпчилик, айниқса, ёшлар билан бўлишгим келди.

Шамсий йил ҳисобига кўра, 19-21 февраль кунлари “Катта чилла” чиқиб, Ҳут (22 февралдан 21 мартгача) киради. Шунинг учун қадимдан “Яхши келган Ҳутни кўр, кади-кади сутни кўр! Ёмон келган Ҳутни кўр, кўтарилган бутни кўр!”, деган ибора қолган. 

Кўриб турибмизки, бу йил Ҳут яхши келди, енгил қор ёғди , аммо унчалик қаттиқ совуқ бўлмади. Насиб бўлса, йил яхши келади. Тоғ, адир ва яйловларимизда ўт мўл бўлади. 

Охирги ёққан қор эса Ҳутнинг ва Тўқсоннинг чиқиши, Азизнинг киришидир. Кексаларимизнинг бу борада ҳам анъанавий ибораси бор:  “Тўқсон-а,  тўқсон-а бир кунимча йўқсан-а”.

"Азиз ўзи уч кун бўлар, турткиласа - тўрт кун, болаласа - беш кун, олтонгласа - олти кун, етакласа - етти кун, сакраса - саккиз кун, тўнғилласа - тўққиз кун бўлар экан. 

Ундан кейин эса Ахман - уч кун, Дахман - уч кун, Оламан - уч кун, Бераман - уч кун бўлар экан. 

Кейин Наврўз, яъни янги кун кирар экан.

Унутманг, ота-боболаримиз ҳар бир хулосани ҳаётий тажрибага таяниб чиқаришган.

Фармон Тошев.