Бугуннинг гапи: Шамнинг нархи ошибди
Одатдагидек қишлоғимизда яна электр йўқ. Бугун ҳам шам ёруғида имтиҳонга тайёрланадиганга ўхшайман.
Дўконларда шамнинг нархи ошганига анча бўлди. Начора, қиммат бўлса ҳам сотиб оламиз. Уйга қайтишда йўл-йўлакай чорраҳадаги дўконга кирдим, дўкондор шам тамом бўлганини айтди. Иккинчи дўконда ҳам тугаган экан. Учинчи дўконда ҳам шу жавобни эшитиб, ўйланиб турганимда сотувчи «Шам зарур бўлса, излаштириб, топиб беришим мумкин, фақат бир-икки сўм қиммат бўладида», деди.
- Яхши бўларди, бир ёрдам қилинг, - дедим хурсанд бўлиб.
Сотувчи ичкари хонадан 2 дона шам олиб чиқди ва менга узатаётиб “20 минг сўм бўлади", деди. Ажабланиб, «Икки кун илгари 2 тасини 10 мингга харид қилган эдим-ку», дея эътироз билдирдим.
Дўкончи «Кўряпсиз-ку, электр тез-тез ўчяпти, шам нархиям ошяпти, синглим», деди...
Наҳотки, бир ҳафта-ўн кун ичида шамнинг нархи уч баравар ошиб кетган бўлса? Илгари ҳам «свет» ўчарди, лекин шам бу даражада қиммат бўлмаган эди-ку?
Ҳар йили қишда шу аҳвол бўлишини биламан, бироқ бу сафар ҳаммасидан ўтиб тушди. Табиий газ ва электр энергияси йўқ. Электр тармоқлари идорасига қўнғироқ қилсангиз, фалон қишлоқда электр симлари узилган ёки авария бўлди, ҳеч бўлмаса ёғингарчилик бўлгани учун ўчирилди, деган жавобни оласиз.
Ўйланиб қоласан, электр тармоқлари идорасидагилар нима учун йил бўйи подстанциялар ва тармоқларни тўлиқ техник кўрикдан ўтказмайди?
Бундан 5-6 йил олдин одамлар электр тез-тез ўчишига кўникиб қолиб, кам қувватли лампочка, аккумулятор, движок каби муқобил «свет» берувчи ускуналар харид қилиб, ўзларига шароит яратиб олишганди. Энди технологиялар тобора жадаллашиб бораётган бир замонда электрсиз яшаш қийин бўлиб боряпти.
Матбуотда, ижтимоий тармоқларда масъулларнинг муаммолар ўрганилиб, ҳал қилинмоқда, бартараф этяпмиз, симни алмаштиряпмиз, деган гапларини эшитиб, қоронғи уйларда ўтирибмиз. Дарс қилишга, имтиҳонларга тайёргарлик кўришга имконият йўқ. Ўқитувчиларимизга эса баҳоналар ўтмайди.
Қимматбаҳо шамни авайлаб ушлаб уйга келар эканман, шу фикрлар ҳаёлимдан ўтди. Сессия давомида имтиҳонларга тайёргарлик кўришим учун бу шамлардан яна қанча ёқамиз экан?
Маржона ҲОТАМОВА.