Бугуннинг гапи: “Сувга тупуриш”, йўлга ахлат ташлаш, дарахтни синдиришнинг оқибатларини англаяпмизми?

Бугун башарият асосан учта катта муаммо билан тўқнаш келмоқда. Улардан бири жаҳон аҳолиси сонининг жадал ортиб бораётгани ва турли омиллар сабаб табиий ресурсларнинг камайиши билан боғлиқ озиқ-овқат маҳсулотлари танқислигидир. Иккинчи муаммо - бу халқаро терроризмнинг чегара билмай, томирлаб бораётганлиги барча халқларни жиддий ташвишга солаётир. Экологиянинг тобора издан чиқаётганлиги эса энг катта, глобал муаммо сифатида эътироф этилмоқда.

Хориж мамлакатларида рўй бераётган тўфонлар, ўрмон ёнғинлари, дунё океанларида юзага келаётган ўзгаришлар, глобал исиш, парник эффекти, фасллардаги ноодатий ўзгаришлар, чучук сув етишмовчилиги, Оролнинг қуриши ҳамда коронавирус каби фанга номаълум бўлган касалликларнинг пайдо бўлиши каби муаммоларда антропоген, яъни инсон омили ҳиссаси салмоқли.

Инсоният ҳақиқатан ҳам бугун жиддий, ўйлайдиган масалага юзланиб турибди. Экологияга етказилаётган зарарлар туфайли дунё бўйича юзага келиши мумкин бўлган баъзи салбий ўзгаришлар олимлар башорат қилганидан эртароқ намоён бўлаётир. Айримлари тахмин қилинганидан тезроқ рўй бериши кутилмоқда. Бу аллақачон дунё давлатларини ҳушёр торттирган.

Масалага кенгроқ ёндашсак, глобал иқлим ўзгаришлари минтақавий ва миллий характерга эга бўлиб, ҳар қандай мамлакатнинг барқарор ижтимоий- иқтисодий ривожланишига катта хавф солади. Хусусан, минтақамиз мамлакатлари иқтисодиётининг ривожланиши хом ашё ва ресурсларни катта ҳажмда истеъмол қилишга йўналтирилганлиги, шу пайтгача самарасиз бошқарув тизими ва табиат ресурсларидан бесамар фойдаланиш Марказий Осиё давлатлари ҳудудида бир қанча экологик муаммоларнинг шаклланишига сабаб бўлди. Минтақада сув, ер, ёқилғи энергетика захираларидан ривожланиш истиқболини ҳисобга олмасдан фойдаланишнинг оқибатлари бугун яққол сезилмоқда.

Мисол учун, мамлакатимиз ҳайвонот дунёси салкам 15.7 минг турдан иборат бўлиб, булардан 184 тури, мавжуд 11 минг ўсимликлардан 324 тури, қўзиқориннинг эса 3 тури Қизил китобга киритилган. 2017 йилги статистика маълумотида қайд этилишича, бир йилда республикамизда 114.7 миллион тонна саноат ва истеъмол чиқиндилари, жумладан, қайта ишлаш мумкин бўлмаган заҳарли чиқиндилар 41.6 миллион тонна, қайта ишлаш мумкин бўлган заҳарли чиқиндилар 42.8 миллион тоннани ташкил этган. Республикамиз атмосфера ҳавосига чиқарилган жами ифлослантирувчи моддаларнинг миқдори биргина 2018 йилнинг ўзида 2.492 миллион тоннага етган.

Юртимизда экологик вазиятни яхшилаш мақсадида Президентимизнинг 2019 йил 30 октябрдаги ПФ-5863-сонли Фармонига илова сифатида 2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепцияси қабул қилиниши айни муддао бўлди.

Концепцияда аҳоли ҳаёти ва саломатлик даражасини яхшилашнинг зарур шарти сифатида атроф-муҳитда яшаш учун қулай ҳолатни таъминлаш, саломатликка салбий таъсирни пасайтирувчи инновацион технологияларни жорий этиш ҳисобига барқарор иқтисодий ривожланиш, биологик ресурсларнинг қайта тикланишини таъминлаш мақсад қилинган.

Фан-техника тараққиёти экологик таназзулни юзага келтирмоқда. Ўтмишга назар солсак, аждодларимиз шарқона одоб-ахлоқ тамойиллари асосида табиатга ниҳоятда эҳтиёткорона муносабатда бўлишган. Бир пайтлар ёши улуғ кишиларнинг "сувга тупурма, йўлга ахлат ташлама, дарахтни синдирма, ниҳолни қайирма, ёмон бўлади”, сингари панд-насиҳатларини ўрта авлод вакиллари яхши эслайди. Ёшларни биргина "ёмон бўлади", деган сўз сергак торттирган. Табиатни авайлашга, эъзолашга ундаган.

Ҳозир нега ундай эмас? Гап нимада ўзи? Хўш, бу борада аждодларимизга хос анъана занжири қачон ва қай тарзда узилди. Гап балки лоқайдлик, бепарволик ва ноўрин хотиржамликка берилганимиздадир.

Хаспўшламасдан айтадиган бўлсак, аввало экологик тарбиямиз издан чиқди. Агар ундай эмас десак, шахсий манфаат йўлида дарахт ва буталарни томири билан қўпоришлар, ноқонуний овчилик, турли кўринишдаги атроф-муҳитни ифлослантиришлар кўлами ошиб бораётганини нима билан изоҳлаш мумкин?

Ҳозир болаларни қўя турайлик, катта ёшдаги кишиларнинг ҳам дуч келган ерга маиший чиқиндиларни тўкиб кетиши, атроф-муҳит санитария ҳолатини бузишлар, барг-хазон ёқаётгани каби ҳолатларга дуч келаяпмиз. Аҳоли гавжум аксарият бозорларимиздаги манзаралар кииши таъбини хира торттиради. Бундай жойларнинг турли юқумли, сурункали ва тузатиш қийин кечадигани инфекцион касалликлар манбаи бўлмаслигига ҳеч ким кафолат беролмайди. Тўғри, бу каби эътиборсизликка йўл қўйган мутасаддилар маъмурий жавобгарликка тортилаяпти. Юридик ва жисмоний шахсларга нисбатан қайта-қайта жарималар қўлланилмоқда.

Гапнинг индаллосини айтганда, ўзимиз ўтирган шохга ўзимиз болта уряпмиз. Фикримизга биргина мисол, жорий йилнинг 27 июль санасида Зарафшон қурилиш бошқармаси ходими Мирали Ш. ўзи бошқарувидаги эксковаторда лоток ариқ тозалаётиб, йўл четида ўсиб турган бир туп ўрик дарахтининг бир қисмини синдирган ва дарахтнинг табиий ўсиши ҳамда ривожланиш ҳолатига жиддий шикаст етказган. Унинг бу ҳаракати Ўзбекистон Республикаси МЖТ кодекснинг тегишли моддаларига хилоф дея топилди ва у 2 миллион 230 минг сўм жаримага тортилди.

Мирали Ш. бу хунук ишни атайлаб қилмаган дейдиган бўлсак, лоқайдликка, бепарволикка йўл қўйган деган "ташхис" келиб чиқади. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. “Атроф-муҳит, табиат муҳофазаси учун қайғуриш фақат шу соҳа ходимларининг иши. Менга нима, бу борада бош қотирмасам ҳам бўлаверади”, қабилида фикр юритсак, катта хато қилган бўламиз. Чунки барчамиз бирдек борлиқ, олам кемасидамиз. Бу кемага тушганнинг эса жони бир.

Экологик барқарорликни тиклаш ва таъминлаш йўлида барчанинг, айниқса, кенг жамоатчиликнинг бир тану бир жон бўлиб ҳаракати қилиши шарт эканлиги ва бунга катта эҳтиёж борлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди.

Ўрни келганда айтиш керак, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ходимлари ваколатлари доирасидан келиб чиқиб жойларда тушунтириш, тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бормоқда. Ваҳоланки, самарадорликка эришишда барча тармоқ, соҳа ходимларининг экологияга дахлдорлигини янада чуқурроқ ҳис этиши муҳим аҳамиятга эга.

Аввало, ҳар қандай тарбиянинг тамал тоши оиладан бошланади. Зеро, ота-боболаримиз “Қуш уясида кўрганини қилади”, деб бежиз айтишмаган. Оилада ота-она табиатга нисбатан қандай муносабатда бўлса, худди шундай муносабатни вақти келиб фарзандларидан кутади.

Қандай дарс тури бўлишидан қатъи назар ўқитувчилар ҳам дарсларда экологик тарбияга алоҳида тўхталиши лозим.

Салим ҚЎШБОҚОВ,

Қўшработ тумани экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш назорат инспекцияси бошлиғи.