Булунғурда молия ва ХТБ мактаб синфларини ноўрин қисқартирган

Бунда албатта, бюджет маблағлари сарфини камайтириш кўзда тутилган. Бироқ бу орқали санитария-эпидемиология қоидалари бузилган...

Воқеа туман халқ таълими бўлимининг 2-умумий ўрта таълим мактабида синфларнинг қисқариши билан боғлиқ масалада амалий ёрдам беришни сўраб ёзган хати ўрганишдан бошланди.

Аниқланишича, туман молия бўлими ва халқ таълими бўлимининг 2019 йил 20 сентябрдаги қўшма буйруғида 2-умумий ўрта таълим мактабида 1 та 2-синф ва 1 та 4-синфни қисқартириш назарда тутилган. Шу асосда мактаб директорининг 2019 йил 2 ноябрдаги 2“б”-синфни қисқартириш тўғрисида 11-сонли буйруғи қабул қилинган. Бироқ ушбу буйруқ мактаб директорининг 2019 йил 9 декабрдаги 13-сонли буйруғи билан бекор қилиниб, 2“г”-синф қисқартирилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 мартдаги 140-сон қарори билан тасдиқланган “Умумий ўрта таълим тўғрисида”ги низомнинг 28-бандида белгиланган меъёрлар бўйича тегишли майдонга эга бўлган умумтаълим муассасасининг синфлари тўлиқлиги 35 нафардан ортиб кетишига йўл қўйилмаслиги белгиланган.

2-умумий ўрта таълим мактабида 104 нафар ўқувчи таҳсил олаётган 4 та 2-синф 3 та синфга, 138 нафар ўқувчи таҳсил олаётган 5 та 4-синф 4 та синфга бирлаштирилиши сабаб ҳар бир синфдаги ўқувчилар сони 35 нафардан ортиқ бўлмаган миқдорда ташкил этилган.

Бироқ синфларнинг қисқартирилишида белгиланган меъёрлар бўйича тегишли майдонга эга бўлиши лозимлиги талабига риоя этилмаган.

Хусусан, туман санитария-эпидемиологик осойишталик маркази маълумотида мазкур синфхоналарда бир нафар ўқувчига 1,3-1,4 квадрат метр майдон тўғри келиши ва синфхоналардаги жиҳозларнинг зич жойлашиши санитария-эпидемиология талабларига мос келмаслиги баён этилган.

Ваҳоланки, умумтаълим мактабларида ўқитиш шартлари ва ташкилот учун санитария-эпидемиология қоидалари (СанПиН № 0341-16)га кўра, синф хоналарида ҳар бир ўқувчи учун 2 квадрат метрдан кам бўлмаган майдон бўлиши лозимлиги қайд этилган.

Шунга асосан, Булунғур тумани молия ҳамда халқ таълими бўлимлари ва 2-умумий ўрта таълим мактабига қонун ҳужжатларининг бузилиши, уларнинг сабаблари ва бунга олиб келувчи шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида тақдимнома киритилди.

Натижада, молия ҳамда халқ таълими бўлимининг 2019 йил 20 сентябрдаги қўшма буйруғида 2-умумий ўрта таълим мактабида 1 та 2-синф ва 1 та 4-синфни қисқартириш қисми ҳамда мактаб директорининг тегишли буйруқлари бекор қилиниб, қисқартирилган синфлар тикланиши таъминланди.

С.МАЖИДОВ,

Булунғур тумани адлия бўлими бош маслаҳатчиси.