Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Булунғурда топилган Етимсой қоятош суратлари давлат муҳофазасига олинди

Яқинда Ғўбдин тоғининг Булунғур тумани ҳудудидаги Етимсой дарасида қоятош суратлари топилгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Тумандаги 19-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчиларидан бири тоғдаги тошларда ҳайвонлар, ов манзаралари тасвирини кўриб, бу ҳақда ўқитувчи тоғасига айтади. Кейин муаллимнинг ўзи ушбу манзилга боради.

Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва уларни келажак авлодга етказиш асосий мақсад ҳамда вазифаларидан бири ҳисобланган Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси тезда ушбу масалага эътибор қаратди. Партиянинг Самарқанд вилояти кенгаши вилоят маданий мерос бошқармаси мутахассислари, тарихчи ва археолог олимлар билан биргаликда мазкур ҳудудни бориб ўрганди, тошлардаги суратлар ва уларнинг тарихи билан қизиқди. Самарқанд давлат университети ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси миллий археология маркази Самарқанд археология институти олимлари дарадаги қоятошларда акс этган тасвирлар миллоддан аввалги 2000 йилларга, бронза даврининг охирларига бориб тақалишини қайд этди. Бу ерда асосий машғулоти овчилик ва чорвачилик бўлган аждодларимиз яшаган бўлиши мумкин, деган хулосага келинди.

- Ҳудудда булоқ мавжудлиги, қурол ясаш учун учқур тошларнинг кўплиги ва чорвачилик, овчилик билан шуғулланишга имконият кенглиги шундай хулоса қилишга асос бўлди, - дейди “Миллий тикланиш” демократик партияси Самарқанд вилоят Кенгаши раиси А.Ахтамов. - Олимлар қоятошлардаги тасвирлар камида беш-олти минг йиллик тарихга тарихга эга эканлигини таъкидлашди. Етимсойдаги бу бебаҳо тарихий меросни асраб-авайлаш ва бу ерда тадқиқот ишларини олиб бориш ҳамда келгусида сайёҳлик йўналишларидан бирига айлантириш мақсадида партиямизнинг халқ депутатлари Булунғур тумани кенгашидаги депутатлик гуруҳи ушбу муҳим масалани сессия кун тартибига олиб чиқди. Шу йилнинг 25 февраль куни ўтказилган сессияда Етимсой дарасида жойлашган 2 та йирик тепаликни моддий-маданий мерос объекти рўйхатига киритиб, давлат муҳофазасига олиш, бу масканни асраб-авайлаш юзасидан қарор қабул қилинди. Бу ердан қоятошларнинг қурилиш материали сифатида олиб кетилишини тўхтатиш, ҳудудни муҳофаза қилиш бўйича зарур чора-тадбирлар белгиланди, жамоатчи назоратчи тайинланди.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Самарқанд вилоят кенгаши томонидан журналист ва блогерлар учун Етимсой дарасига уюштирилган пресс-турда партия фаоллари, мутахассислар археологик ёдгорликнинг топилиши ва уни асраб-авайлаш учун кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида батафсил маълумот берди.

- Етимсой дарасидаги қоятош чизмалари археолог олимларнинг ўзбек-француз экспедицияси томонидан 2019 йилда қайд этилиб, бу манзилни муҳофазага олиш ва илмий-тадқиқотлар олиб бориш ҳақида тегишли идораларга хабар берилган эди, - дейди Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси миллий археология маркази Самарқанд археология институти катта илмий ходими Азмиддин Холматов. - Кейинги ўрганишлар эса бу жараённи тезлаштирди. Тошларда акс этган ов манзаралари, турли ҳайвонлар тасвири бу ерда бронза даврида одамлар яшагани, улар асосан, чорвачилик, овчилик билан шуғулланганини кўрсатади. Шунингдек, мазкур ҳудудда неолит даврига оид аҳоли манзилгоҳи ҳам аниқланган ва олдимизда буни кенг тадқиқ этиш вазифаси турибди.

Пресс-тур қатнашчилари қоятошларда акс этган суратларни кўздан кечириб, ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб олди.