Булунғурда хитойликлар билан ҳамкорликда иккита ғишт ишлаб чиқарувчи корхона иш бошлади

Вилоят делегацияси билан биргаликда Булунғур тумани вакиллари ҳам Хитой сафарида бўлиб қайтганди. Хитойлик ишбилармонлар билан 9 та лойиҳани амалга ошириш бўйича келишувларга эришилган.

Туманда шу пайтга қадар ҳам хитойлик тадбиркорлар билан ҳамкорликда бир нечта лойиҳалар амалга оширилган. Жумладан, дастлаб 2019 йилда 4 миллион долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестиция маблағлари ҳисобидан “Хитой беш бармоқ қурилиш материаллари” корхонаси ишга тушиб, йилига 20 миллион дона пишиқ ғишт ишлаб чиқарилмоқда.

Шунингдек, яқиндагина ғишт ишлаб чиқаришга мўлжалланган яна иккита йирик корхона фаолият бошлади. Лойиҳа қиймати 5 миллион долларлик мазкур “Samarqand richland international investmant” корхонасида йилига 25  миллион дона ғишт ишлаб чиқарилади.

Хитойлик ҳамкорлар билан ишга туширилган яна бир корхона “Sophiya industrial” масъулияти чекланган жамияти. Лойиҳа қиймати 5,3 миллион доллар бўлиб, 3,5 миллион доллари хорижий инвестиция ҳисобидандир.

- Корхонанинг қурилиши шу йилнинг апрель ойида бошланган эди, - дейди хитойлик тадбиркор Чоу Жоу Чен. – Қисқа фурсатда битказилиб, фойдаланишга топширилган мазкур корхонада йилига 30 миллион дона ғишт ишлаб чиқарилади. Ўзбекистонда ер ва фойда солиғидаги имтиёзлар биз, тадбиркорлар учун қулай имконият. Келгусида туризм соҳасида хизмат кўрсатиш бўйича ҳам янги лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирганмиз.

Хитойга қилинган сафар натижасида замонавий эшик ва деразалар, уларнинг бутловчи қисмлари, сунъий қопламалар, кичик ҳажмли юк автомобиллари, эҳтиёт қисмлар, тежамкор иситиш қозонлари, компрессорлар ва мебель маҳсулотлари ишлаб чиқариш, мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш йўлга қўйилади.

Мазкур лойиҳалар 2024-2025 йилларда амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, натижада 300 дан зиёд янги иш ўринлари яратилиши кутиляпти.

Тўлқин СИДДИҚОВ,

Жасурбек ШУКУРОВ,

Аббос ЖАББОРОВ (видео).