Булунғурлик фуқаро уйда ўтирса-да, карантин қоидаларини бузди ва жавобгарликка тортилди

Бугун ўрнатилган карантин қоидаларига қатъий амал қилиш, мақсадсиз кўчага чиқмаслик юртимизнинг ҳар бир фуқаросининг бурчи. Бунда фуқаролар нафақат ўз соғлиғини асрайди, балки кенг тарқалаётган коронавирус инфекциясини жиловлашга ҳисса қўшади.

Бироқ ҳуқуқбузар И.А ушбу қоидаларга писанд қилмасдан кеча, 21 апрель куни соат 7:30 да ўзининг яшаш хонадонида спиртли ичимлик истеъмол қилиб, маст ҳолатда жанжал кўтарган. Бундан қўрқиб кетган қизи Э.С. профилактика испекторини чақирган ва бундан хабар топган ота кўчага қочиб чиқиб, Булунғур тумани, Исори Ўроқли маҳалласида карантин қоидаларига риоя қилмасдан, ниқобсиз, маст ҳолда юрганда ИИБ ходимлари ундан суриштирув ишлари олиб борган. Лекин фуқаро қонуний талабларни бажармай, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, бақир-чақир қилиб, ИИБ ходимларига қаршилик кўрсатган.

Булунғур тумани маъмурий суди раиси Ш.Тухтаев томонидан ҳуқуқбузар А.И.га Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 54-моддаси 1-қисми, 183-моддаси ва 194-моддаси 2-қисми билан, шунингдек, муқаддам ушбу тоифадаги ҳуқуқбузарликларни содир қилгани учун жазоланган бўлса-да, ўзига тегишли хулоса чиқармаганлигини инобатга олиб, 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.