Булунғурнинг Коминтюренида силни енгишгани каби коронавирусни ҳам енгса бўлади

Ўтган асрнинг 30-йилларида Булунғур туманидаги Коминтюрен қишлоғида юқумли сил касаллиги авж олган эди. Шифокорлар, дори-дармон етишмайдиган пайтлар, шаҳар шифохоналари анча олис, бунинг устига шаҳарга бориш учун техника ҳам йўқ. Ҳатто касаллик туфайли қўшни қишлоқларга қиз бериш, келин олиш ҳам узилди. Қийинчилик, қаҳатчилик одамларни ҳолдан тойдирарди.

Шу пайтлари армиядан қайтаётган Собиржон ҳарбий хизматда яхши кўриб қолган Марям ҳамширани ҳам уйига олиб келади. Вазиятни тезда англаган ҳамшира оиладагиларнинг барчаси тиббий гигиенага қатъий риоя этишларини, ҳар кимнинг ўз сочиғи, пиёла, коса, қошиғи алоҳида бўлиши, қўллар доим совунда ювилиши, кийимларнинг тозалиги ва тирноқлар олинган бўлишини талаб қилади.

Уйдаги кўрпа-кўрпача, ёстиқлар, идиш-товоқлар ҳовлига чиқарилиб, қуёшга ёйиб қўйилди. Ўргимчак босиб, қорайиб кетган хона деворлари тозалаб, шамоллатилиб оҳакланди, рўзғор буюмлари гигиеник воситаларда ювиб чиқилди. Тез орада оила силдан фориғ бўлди. Кейинчалик қишлоқ аҳолиси ҳам Марямнинг айтганларини бажариб, ҳаммадан касаллик ариди. Шундан сўнг қишлоқ аҳолисидан ҳам шахсий гигиена воситасига амал қилиш, ҳаттоки, тўй-маракаларда ўз шахсий буюмидан фойдаланиш кераклиги тушунтирилади. Меҳнат самара берди, тез орада қишлоқ аҳли бутунлай соғайди.

- Бундан 85-90 йил олдинги бу воқеа кўпчиликка эртак бўлиб туюлади, - дейди коминтюренлик (ҳозирги Қувондиқ қишлоғи) фахрий ўқитувчи Тўйчибой Ғаффоров. - Ўша оғир йилларда қишлоқ қаҳрамонига айланган ҳамшира Марям опа тозаликка эътиборли бўлиш билан ҳар қандай касалликни енгиш мумкинлигини исботлаб ҳамманинг севимли кишисига айланди. Бугун ҳам энг аввало, тозаликка эътиборли бўлиш, хоналарни тез-тез шамоллатиш, гигиенага риоя этишимиз тождорвирусга қарши энг самарали кураш ҳисобланади. Халқимиз бу каби синовларни аввал ҳам бошидан кечирган ва барчасини бирдамлик билан енгиб ўтган.

Раббим ҲОТАМОВ.