Бунақа либосда суратга тушишни орзу қилмагандик

Бу кийимни қачон ва қандай вазиятда кийиш ҳақида талабалигимизда ўргатишган. Кейин айрим ўқув машғулотлари пайтида, семинарларда кийиб кўрганмиз ёки шунга даъват қилишган. Шундай вақтларда ярим соат-бир соатда бу кийимда ўтириш ёки юришнинг қанчалик ноқулай ва қийинлигини ҳис қилганмиз. Аммо ҳеч қачон бир кун келиб шу кийимларда ишлашимизга тўғри келишини ўйлаб кўрмаганмиз, тасаввур ҳам қилмаганмиз.

Афсус, бугун ана шундай либосдамиз. Юртимизда коронавирус пандемияси сабабли карантин эълон қилингач, 27 мартдан бизнинг муассасамизга ҳам инфекция юқтирган кишилар билан бирламчи мулоқотда бўлганлар, хорижий давлатлардан қайтган шахслар, касалликдан тузалганлар жойлаштирилди.

14 кундан шифохонамизда «меҳмон» бўлганлар бугунгача минг нафардан ошиб қолди. Уларга ўзимизнинг 30 нафарга яқин шифокор ва ҳамшираларимиз, 5 нафар санитария-эпидемиологик осойишталик маркази ходимлари хизмат кўрсатди. Ҳафталаб, ойлаб уйимизга бормасдан ишлашга мажбур бўлдик.

Ҳар 14 кунлик муддатдан кейин карантинга олинган кишиларга жавоб берилганда ходимларимизга ҳам уйига боришга рухсат бор эди. Лекин кўпчилик карантиндан кейинги вақтни ҳам шу ерда ўтказишига тўғри келди. Ота-она, оила аъзоларимизни соғинсак-да, аввало, уларнинг саломатлигини ўйлаб шундай йўл тутишга мажбур бўлдик. Ўзим ҳам тез-тез онам билан телефон орқали гаплашиб, уларни, болаларимни соғинганимни, бундай суҳбатлашиш барибир соғинчга малҳам бўлолмаслигини айтсам, у киши «Болам, биз соғ-омонмиз, болаларинг саломат, еб-ичишида ками йўқ. Касбинг шунақа, ўзинг ва бошқалар саломатлигига жавобгарсан», деб кўнгилга таскин бердилар.

Карантин муассасасида ишлаганимиз учун иш ҳақимизга 6 фоизлик устама берилгани, коронавирусга чалинган беморларга қараган тиббиёт ходимларига 5 миллиондан 25 миллион сўмгача ҳақ тўлангани ҳам оғир вазиятда бизга анча далда бўлди.

Куни кеча Президентимиз фармони билан бир гуруҳ ҳамкасбларимиз давлат мукофотлари билан тақдирланди. Рўйхатда Самарқанддан ҳам 10 нафар тиббиёт ходими борлигидан хурсанд бўлдик. Ҳақиқатан ҳам бугунги мураккаб вазиятда, бошқача айтганда, коронавирусга қарши «уруш»да биринчи қаторда турган тиббиёт ходимларининг меҳнати қаҳрамонлик, эътирофга муносиб, деб ўйлайман.

Кўпчилик «шифокорнинг вазифаси беморларга хизмат кўрсатишда», деб айтиши ҳам мумкин. Тўғри, бу бизнинг бурчимиз. Аммо ойлаб шифохонада яшаб, туну кун хавфли касаллик билан курашиш учун ҳам кишида жасорат, одамларга меҳр бўлиши керак. Ана шундай заҳмат чекиб меҳнат қилсангиз ва бемор кўз ўнгингизда соғайиб, оиласи бағрига қайтаётганида «умрингиздан барака топинг, қўлингиз дард кўрмасин», деб чин дилдан миннатдор бўлса, заҳматлару чарчоқлар ҳам сизни тарк этгандек бўлади.

Илоҳим, бу «ёв» тезроқ чекинсин, яна аввалгидек, тинч-хотиржам яшаш, ишлаш барчамизга насиб қилсин.

Фарҳод БОТИРОВ,

Самарқанд вилояти саломатликни тиклаш шифохонаси бош шифокори.