Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

"Буни ҳамма биларди": 52 кишининг ҳаётига зомин бўлган Кузбассдаги портлаш ҳудудида олдиндан ҳалокатли вазият бўлгани айтилмоқда

Марҳум кончилардан бирининг рафиқаси фавқулодда вазиятдан 10 кун олдин Кузбассдаги "Листвяжная" конида юз берган ёнғинни кончиларнинг ўзи ўчиргани ҳақида гапириб берган.

"Ўша куни улар шахтадаги ёнғинни ўзлари ўчиришди. Бир неча кун ўтди, энди турмуш ўртоғим йўқ. Алам қиладигани, буни ҳамма биларди. Роспотребнадзор текширди. Бу метан узоқ вақт тўплана бошлаган. Менинг эрим у ерда звоно бошлиғи эди. Унинг кўксида доим датчик бўларди. У "датчик «чийиллаган» овоз чиқаради, сигнал бермаслиги учун мен уни сув билан ҳўллайман", дер эди Борис. Улар ана шунақа шароитда ишлаган”, дея хабар берган журналистларга марҳумнинг рафиқаси.

Кеча, 25 ноябрь куни, тахминан 08:30 (Тошкент вақти билан 06:30) да Кузбассдаги Беловода жойлашган “Листвяжная” конида содир бўлган авария оқибатида 52 киши, жумладан 6 нафар қутқарувчи қурбон бўлган эди.  

Фавқулодда ҳодиса вақтида ер остида 285 киши бўлган, уларнинг аксарияти ер юзасига чиқарилган.

Бош прокурор ўринбосари Дмитрий Демешиннинг сўзларига кўра, учқун натижасида юзага келган метан портлаши ва кейинги динамик зарба фалокатга сабаб бўлди.

Текширув доирасида коннинг 47 ёшли директори, унинг 59 ёшли биринчи ўринбосари ва 36 ёшли участка менежери ҳибсга олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан “Эҳтиётсизлик оқибатида икки ёки ундан ортиқ шахснинг ўлимига сабаб бўлган хавфли ишлаб чиқариш обектларининг саноат хавфсизлиги талабларини бузиш” моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилган.  

Ҳудудда уч кунлик мотам эълон қилинган.

PS: Мазкур фожиа бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси Президенти Владимир Путинга таъзия йўллади.