Бухорода табиий офат оқибатида 5 мингдан ортиқ объектга зарар етди

Бухоро вилоти тезкор штаби томонидан тақдим қилинган дастлабки маълумотларга кўра, вилоят бўйича жами 5 минг 293 та объектнинг 378 минг 238 квадрат метр том қисмида шифер қопламалари, 1 минг 630 квадрат метр бино ва деворлари, 15 минг 415 дона эшик ва деразаларига шикаст етди. Жумладан, 12 та соғлиқни сақлаш объектларида 7 минг 260 квадрат метр том қисмининг шифер қопламалари, 320 квадрат метр бино ва деворлари, 190 дона эшик ва деразаларига;

52 та умумтаълим мактабларининг 10 минг 400 квадрат метр том қисмининг шифер қопламаси, 92 дона эшик ва ромлари;

43 та мактабгача таълим объектларининг 2 минг 647 квадрат метр том қисмининг шифер қопламалари, 38 дона эшик ва дераза ромлари;

63 та кўп қаватли уй-жойларнинг 18 минг 378 квадрат метр том қисмининг шифер қопламалари, 15 дона эшик ва дераза ромлари;

4800 та якка тартибдаги аҳоли уй-жойларининг 336 минг квадрат метр том қисмининг шифер қопламалари, 14 минг 400 дона эшик ва дераза ромлари;

220 та нотурар объектлар (савдо дўконлари, маъмурий бинолар ва ҳоказо)нинг 15 минг 400 квадрат метр том қисмининг шифер қопламалари ва 660 дона эшик ва дераза ромлари;

3 та маданий мерос объектларининг 420 квадрат метр том қисмининг шифер қопламалари, 1 минг 200 квадрат метр бино ва деворлари, 20 дона эшик ва дераза ромларига;

11 та спорт объектларининг 2 минг 419 квадрат метр том қисмининг шифер қопламалари 291 та эшик ва деразаларга талафотлар етганлиги аниқланди.

Бундан ташқари, 82 ҳолатда табиий газ таъминотида, 120 ҳолатда электр энергияси таъминотида узилиш ва авария ҳолатлари қайд қилинди. Шунингдек, 450 дона электр темир бетон таянчлари йиқилган бўлса, узилиб ерга тушган симларнинг узунлиги 51 километрни, ишдан чиққан трансформаторлар сони 25 тани ташкил этади.

Кучли шамол ва ёғингарчилик оқибатида вилоят бўйича 42 минг 400 дона йирик дарахтларнинг синиши ва қулаши қайд қилинди. Бинолар остида ва дарахтлар остида қўйилган юридик ва жисмоний шахсларнинг 415 та автотранспортларига жиддий зиён етди.

Амалий тадбирларга ФВБларидан жами 635 нафар шахсий таркиб, 114 та автотранспорт воситаси, шунингдек, маҳаллий ҳокимиятлар ва фавқулодда вазиятларда уларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат қуйи тизимига кирувчи ИИБ, ССБ, коммунал ва бошқа тегишли хизматлардан масъул ходимларни жалб этган ҳолда талафот оқибатларини бартараф этиш ишлари амалга оширилмоқда.