Буюк бобокалонимиз ва унинг академияси

Ўрта асрларда Шарқда, кейинчалик Ғарбда илм-фан ривожланишига улкан ҳисса қўшган қомусий алломаларимиздан бири Мирзо Улуғбек – Муҳаммад Тарағай ўз даврида табиий ва ижтимоий-гуманитар фанлар интегратсияси асосида Самарқанд академиясига асос солган.

Биз бежиз гапни академиядан бошламадик. Биринчидан, Мирзо Улуғбек асос солган академиянинг фалсафий-илмий моҳиятини англаш орқали ундаги ночизиқли тафаккур элементларини кашф этамиз ва унинг академиясида фанлараро интеграция мавжуд бўлганлигининг илмий асосларини топамиз. Иккинчидан, ғарблик олимлар даъво қилаётган аниқ ва табиий фанлар пойдевори Ғарбда эмас, айнан Марказий Осиёдан, жумладан, Улуғбек академиясидан бошланганини ва бу илмий ҳақиқат собиқ иттифоқ даврида эътиборга олинмаганини англаймиз.

 Кўпгина адабиётлар, жумладан, Қори Ниёзий рисолалари ва бошқа илмий адабиётларда Мирзо Улуғбек астрономия академиясини ташкил этган олим сифатида таърифланади. Ваҳоланки, ўша даврда нафақат Самарқанд, Марказий Осиё ва Хуросонда физика, астрономия, кимё, биология, геодезия, география, мантиқ, фалсафа, математика, тарих, минерология, адабиёт ва бошқа дунёвий ҳамда диний илмлар ривожланди. Алломанинг саъй-ҳаракати билан меъморий санъат ва архитектура соҳаси ҳам жадал суръатда юксалди. Улуғбекнинг буйруғи билан Самарқанд шаҳридаги Улуғбек мадрасаси, Улуғбек расадхонаси, ШоҳиЗинда ансамбли, Бухоро шаҳри ва Ғиждувон туманидаги Улуғбек мадрасалари, Шаҳрисабздаги Улуғбек масжиди ва бошқа меъморий санъатнинг нодир намуналари бунёд этилгани академия илмий Кенгашининг маҳсули эди. Шу нуқтаи назардан Мирзо Улуғбек анъанавий фикрлардан юқорироқ - ночизиқли ва фрактал тафаккур эгаси эканлигидан далолатдир.

У асос солган илмий мактаб ва унинг жаҳон илм-фанига қўшган ҳиссасининг фалсафий моҳиятини, ундаги синергетик ёндашув ва ғоялар таҳлилидан хулоса қилиш керакки, Мирзо Улуғбек нафақат астрономия, балки қомусий билимлар эгаси сифатида Самарқанд академиясига ва Марказий Осиёда биринчилардан бўлиб мадрасаи олия, яъни университетга асос солган шахс ҳисобланади. 1417-1420 йиллар орасида ҳозирги Регистон майдонида ўз давридаги талабалар ва келажак авлоднинг илм олиши мақсадида, катта мадраса биносини қуришга фармон берганини, Улуғбек мадрасаси қурдириб битказилгандан кейин унинг очилиш маросимида Мавлоно Муҳаммад Хавофийни бош мударрис (ректор) этиб тайинлаганини тарихий манбалардан яхши биламиз.

Илмий тадқиқотчилар Мирзо Улуғбек илмий мероси ва у асос солган академияни фақат астрономик жиҳатларига кўпроқ урғу беради. Ваҳоланки, алломанинг илмий мероси ва академиясининг илмий тадқиқотлари фаолияти замирида фалсафа, этика ва мантиқ илмлари муҳим мавқега эга ҳисобланади. Шунинг учун Самарқанд академияси нафақат астрономия ва аниқ фанлар, балки фалсафий-мантиқий институт ҳам ҳисобланади. Улуғбек академиясидаги барча тадқиқотлар ва илмий изланишлар, кашфиётлар фалсафа ва мантиқ илмлари қонуниятлари асосида амалга оширилган. Аммо бу ҳақда ҳали-ҳануз нафақат дарсликлар, алломага оид кўплаб рисолаларда ҳам илмий маълумотлар мавжуд эмас.

Бу борада олим М.Оллоёров ўзининг “Мирзо Улуғбекнинг мунажжимлик мактабининг фалсафий-мантиқий асослари” мақоласида шундай ёзади:  Фалсафа ва мантиқ қайд этилган фанлар йўналишида олиб борилган фундаментал тадқиқотларда билиш методи – усули бўлиб хизмат қилган. Шунга кўра, ана шу иккала фан ривожига катта эътибор берилади ва бунинг натижаси ўлароқ, Улуғбек академияси қошида фалсафа-мантиқ мактаби юзага келади. Аммо мавжуд илмий адабиётларда ушбу мактабнинг шаклланиши, унинг вакиллари ҳақида деярли фикр билдирилмайди ва бу борада тадқиқот ишлари олиб борилмаган”.

М.Оллоёров фикрининг исботи сифатида Мирзо Улуғбекнинг мантиққа оид қарашларини кўрсатиб ўтади: “Агар Улуғбекнинг асарлари, хусусан, «Зижи Кўрагоний» асари таҳлил қилиниб қараладиган бўлса, унинг қатъий мантиқий метод-усулларга асосланган ҳолда ёзилганлигига ишонч ҳосил қилиш мумкин. Фикримизнинг далили сифатида унинг ана шу асаридан биргина хулосавий муҳокама (ҳукм)ни олиб қарайлик: «Агар ҳақиқатан Ернинг қуёшга юзма-юз бўлиб туриши кечаси ёки куннинг иккинчи ярмида, аниқроғи 2 соат-у 20 дақиқа содир бўлса, шунингдек юзма-юз бўлиш градуси 120, 281 дан кам бўлмаса, унда қуёш тутилиши рўй беради».

Мирзо Улуғбек ва унинг академияси илмий ютуғининг яна бири «Зижи Жадиди Кўрагоний» асаридир. Уни фалсафий-илмий нуқтаи назардан таҳлил қилсак, унда ҳам биз бугун ўрганаётган синергетик методология асослари ва ғояларини илғашимиз мумкин. Мутафаккирнинг ўз замонасида ривожланган техник воситаларнинг йўқлигига қарамай, 1118 та юлдузнинг жойлашиши ҳақидаги «Зижи Жадиди Кўрагоний» асарини яратди. Юлдузларнинг махсус каталогини тузди.

Оламни яхлит тарзда кузатиш, унинг математик ва астрономик қонуниятларини англаш, Қуёш, ой, Ернинг ҳаракатларига қараб, унинг хусусиятларини ўрганиш орқали «Зижи Кўрагоний» асаридан ташқари, Улуғбек «Бир даражанинг синусини аниқлаш ҳақида рисола” асарини яратиб, аниқ ва ижтимоий фанларни ривожлантиришга ҳисса қўшди.

Мирзо Улуғбек қомусий олим ҳисобланиб, у асос солган академия салоҳияти ва таъсир этиши жиҳатидан нафақат Шарқ, балки Ғарбда илм-фан ривожланишига муҳим омил бўлиб хизмат қилган.

Баҳодир Раҳмонов,

фалсафа фанлари бўйича фалсафа доктори.