Буюк Британияда ичкиликбозликка қарши курашнинг антиқа усули жорий қилинди
Жорий йилнинг 21 октябридан бошлаб Уэльсда спиртли ичимликлар таъсирида жиноят содир этганларнинг маълум вақт давомида спиртли ичимликлар истеъмол қилиши тақиқланиб, махсус “ҳушёрлик ёрлиғи” тақиб юришга мажбур қилиниши мумкин. Қонун кейинги йил бошидан Англияда ҳам татбиқ қилинади.
👉 Ёрлиқлар (биркалар) суд ҳукми билан ичкилик ичишдан маҳрум қилинган фуқароларни мунтазам назорат қилиш имконини беради. Янги технология кўмагида такрорий жиноят содир этилишининг олди олиниши мумкин.
👉 Ёрлиқлар ҳар 30 дақиқада маҳкумдан ажралиб чиқаётган тер таркибидан унинг алкоголь истеъмол қилган-қилмаганини аниқлайди ва бу ҳақда текширувлар (Пробация) марказига хабар жўнатади.
👉 Агар маҳкум белгиланган муддатда спиртли ичимлик ичгани аниқланса, суд ёки ваколатли органлар томонидан унга берилган жазо муддати узайтирилади. Алкоголга жиддий боғланиб қолган кишиларга нисбатан мажбурий даволаш чоралари олдингидек сақлаб қолинади.
Маълумотларга кўра, Буюк Британияда куч ишлатиш билан боғлиқ жиноятларнинг 39 фоизи бевосита ичкиликбозлик таъсирида содир этилади. Ана шундай хатти-ҳаракатлар оқибатида ҳар йили мамлакат ғазнасига 21 миллиард фунт-стерлинг миқдорида зиён етади.