Буюк ипак йўлида ипак сотилмаганми?

Шарқ ва Ғарб халқлари ўртасида тарихий-маданий алоқалар ва савдо муносабатларни боғлаб туришда қадимда Буюк ипак йўли муҳим ўрин тутган.

Бу йўл милоддан аввалги II асрда вужудга келиб, XVI асрга қадар фаолият юритган. Буюк ипак йўли деган номни эса 1877 йилда шу йўл орқали ривожланган савдода ҳар хил матолар, буюмлар ва маҳсулотлар орасида ипак энг муҳим аҳамиятга эга бўлгани учун немис тарихчиси К.Рихтҳофен берган.

Буюк ипак йўли 12 минг чақиримгача узунликда бўлиб, бу йўл орқали кўплаб Шарқ давлатлари билан ҳар томонлама алоқалар ўрнатилган. Буюк ипак йўли Сариқ денгизи соҳилларидан бошланиб, Шарқий Туркистон, Ўрта Осиё, Эрон, Месопатамия орқали Ўрта Ер денгизи соҳилларигача борган. Иккинчи йўналиш Ўрта Осиё орқали Ҳиндистонга олиб борган. Бу йўлда жуда кўп кўҳна шаҳарлар жойлашган. Булар - Сиан, Дунхуан, Ёркент, Самарқанд, Бухоро, Термиз, Марв ва бошқалар. Хитойнинг Аноси шаҳрига келиб эса Буюк ипак йўли бир неча тармоққа бўлинган. Биринчи тармоқ Аноси, Қашқар орқали Қўқонга, ундан кейин эса Тошкентга ўтган. Бу ердан Жиззах ва  Самарқанд орқали Бухорога келган йўл Урганч орқали Гуревга, ундан эса Оқсарой орқали Қора денгиз бўйларига чиққан. Яна бир тармоқ эса Дунхиан орқали Хўжандга, ундан Лаҳорга ўтиб кетган. Бухорога келиб эса бу тармоқ иккига бўлинган. Жанубий йўналиш Бухорога, Қарши, Термиз орқали Нишопурга ўтган. Нишопурдаги тармоқларнинг бири Теҳрон, Боғдод йўналиши бўйлаб Ўрта Ер денгизи бўйидаги Тир шаҳригача чўзилган. Умуман олганда, Буюк ипак йўлининг жанубий тармоғи Ўзган орқали Ўшга ўтиб, Қува, Марғилон, Қўқон орқали Хўжанд, Самарқанд, Бухорога ўтган.

Шимолий йўналиши Хазор ҳоқонлиги ва Булғор давлати орқали Киев Руси ва Европа мамлакатларига бориб, бу тармоқ VI асрдан бошлаб ривожланган.

Буюк ипак йўлининг карвон йўлларидан ташқари ички савдо йўллари ҳам мавжуд бўлган. Савдогарлар мол-маҳсулотдан ташқари турли фан ва маданият соҳалари янгиликларини ҳам келтирган. Суғдиёнадан Хитойга жун-газлама, гилам, қимматбаҳо тошлар, безаклар ва кўп бошқа буюмлар олиб борилган. Бақтриядан туялар олиб борилган бўлса, Фарғонадан зотдор отлару Ҳиндистондан зираворлар, кумуш ва фил суягидан ишлов берилган буюмлар олиб келинган.

Буюк ипак йўли бўйлаб кўплаб шаҳарлар, бозорлар, карвонсаройлар қурилган. Савдогарларнинг кўпи йўлни охиригача бормаган, чунки Ўрта Осиё шаҳарлари ушбу йўлнинг марказида жойлашгани боис савдогарлар Хоразм, Термиз, Самарқанд ва бошқа ҳудудларда нарсаларини сотиб, маҳаллий маҳсулотларни харид қилиб кетишган.

Буюк ипак йўли даврида барпо этилган меъморчилик ёдгорликларини ўрганиш вақтида кўп тангалар, сопол, мис буюмлар топилган. Хусусан, Афросиёбдан сополлар, Рим шамдонлари, Миср муҳрлари, Термиздан Рим тангалари хазинаси ва Ўрта Ер денгизи атрофида Кушон тангалари топилган.

Темурийлар даврида Буюк ипак йўлига катта аҳамият берилган. Кўплаб карвонсаройлар, бозорлар, карвон бекатлари қурилиб, эскилари таъмирланган. Карвонларни маҳаллий ҳокимликлар томонидан қўриқчилар ҳимоя қилиб, бир манзилдан иккинчи манзилга кузатишган.

Буюк ипак йўлида ўз дипломатик миссиясини бажарган Руи Гонзалес де Клавихо ўзига ва Миср элчисига кўрсатилган эътибор ҳақида алоҳида эслатиб ўтган. Масалан, Миср элчисини 20 нафар ҳарбий қўриқлаб боргани ёзилган. Соҳибқирон карвон йўлларида кимда-ким зарар кўрса, бундай ҳуқуқбузарликларга жавобгарликни шу ҳудуд амалдорларига юклаган. Зарарни амалдорлар ҳиссасидан ундириш қоидасининг жорий этилиши халқаро савдо йўлидаги ҳуқуқий кафолатлардан бири бўлган.

Буюк ипак йўлида жойлашган шаҳарлар орасида Самарқанд Амир Темур даврида юқори даражада равнақ топган. Чунки бу ерда дўкону бозорлар, ҳунармандчилик расталари, устахоналар сон-саноқсиз бўлиб маҳаллий маҳсулотлар четга сотилган.

Дилноза Ғаниева,

Регистон мажмуаси гид-экскурсаводи.