Чаплинга соат “совға” қилган ўғри ушланмади
Бир куни Чарли Чаплин Нью-Йорк метросидан чиқаётиб, чўнтаги оғирлашиб қолганини сезди. Қараса, чўнтагида бировнинг тилла соати бор. Соат қандай қилиб унинг чўнтагида пайдо бўлганини тушунмай, дарҳол полицияга олиб бориб топширди. Эртаси куни у номаълум кишидан хат олди:
“Ҳурматли жаноб Чаплин! Сизга профессионал киссавур ёзмоқда. Кеча метрода бир жанобдан олтин соатини ечиб олдим. Бироқ сизни кўргач, уни совға сифатида сизга беришни аҳд қилиб, чўнтагингизга солиб қўйдим”.
Орадан бир йил ўтди. Ўғри ушланмади, соат эгаси ҳам топилмади. Шу сабаб полиция уни Чаплинга қайтариб юборди. Аммо воқеа шу билан тугамади.
Газеталарда бу воқеа тўғрисида ёзилган эди. Бироз вақт ўтгач, Чаплинга иккинчи хат келди: “Ҳурматли жаноб Чаплин! Бир йил олдин метрода менинг соатимни ўғирлашди. Газеталардан қайсидир киссавур соатимни сизга берганини билиб олдим. Соатим сизда қолсин, жаноб Чаплин. Сизнинг ажойиб истеъдодингизни киссавурга қараганда кўпроқ қадрлаганим сабабли, соатим ёнига олтин занжирни ҳам юборяпман”.
Баҳора МУҲАММАДИЕВА тайёрлади.