Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчилари учун ўқув йиғини ўтказилди

Марказий ҳарбий округда Самарқанд вилояти умумтаълим мактабларида фаолият юритаётган чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчилари учун ўқув йиғини ташкил этилди.

Тадбирда умумий ўрта таълим мактабларида чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фанини ўқитиш услублари тўғрисида подполковник А.Пармановнинг маърузаси йиғин иштирокчилари диққат марказида бўлди.

Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг самарали усул ва методларини ҳаётга татбиқ этиш, шубҳасиз, бугуннинг асосий талабларидан бири. Ватан ҳимоясида собит турган шонли аждодларимиз Жалолиддин Мангуберди, буюк саркарда Амир Темур ҳақидаги тақдимотлар, ҳарбий хизматчиларнинг жанг санъатига оид кўргазмали чиқишлари, Марказий ҳарбий округ қошидаги оркестр томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар тадбир иштирокчиларида катта таассурот уйғотди. Оғир ҳарбий техникалар, ўқотар қуролларнинг намойиши ҳамда уларнинг тавсифи чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчилари ўзлаштирган билим ва кўникмаларни янада мустаҳкамлашида алоҳида аҳамият касб этди.

Йиғинда фаолияти давомида натижа кўрсатган Қўшработ тумани мудофаа ишлари бўлими чақириққача ҳарбий хизматга тайёрлаш бўлинмаси бошлиғи Д.Сатторов Марказий ҳарбий округнинг ташаккурнома ва совғалари топширилди.

Шокир ЭРГАШЕВ,

Қўшработ туманидаги 25-умумий ўрта таълим мактабининг чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчиси.