Чегара сим тўсиқларини бузиб, Қозоғистондан 190 бош қўй-қўзи олиб ўтишга уринган қоидабузарлар жазоланди

Ж.И.нинг ёлғиз бошига оила, тирикчилик ташвишлари оғирлик қилди шекилли, жорий йилнинг февралида жиноий шериги Ш.Ф. билан Қозоғистон Республикасидан майда шохли молларни божхона назоратини четлаб, ноқонуний йўллар билан олиб ўтиш, Ўзбекистонда сотиш билан шуғулланиш бўйича келишиб олди. Келишувга кўра, Ж.И. 19 февраль куни “Гулистон-авто” чегара ўтказиш маскани орқали Қозоғистон Республикасига қонуний равишда ўтиб, Шардара туманида жойлашган мол бозорида қозоғистонлик “Б” исмли фуқаро билан танишади. Ундан 200 дона она-бола қўй-қўзини 7.500.000 тенгега, яъни 20 минг АҚШ долларига сотиб олиб, Ўзбекистон Республикасига 190 дона майда шохли молларни чегара ўтказиш маскани бўлмаган ҳудуд орқали чегара сим тўсиқларини бузиб, олиб ўтаётган вақтда, жиноят устида ҳарбий қисмнинг Навоий вилояти тезкор қўриқлаш гуруҳи ходимлари томонидан қўлга олинган.

Жиноят ишлари бўйича Конимех тумани суди томонидан Ж.И. Жиноят кодекси 182-моддаси 2-қисмининг “а” банди ва 223-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга ЖКнинг 57,59, 62-моддаларига асосан 3 йил 8 ой 10 кун озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Ш.Ф.га эса Жиноят кодекси 28,182-моддаси 2-қисмининг “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, ЖКнинг 57,60,61-моддаларига асосан 33.450.000 сўм жарима ва ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 1 йил 11 ой 29 кун ахлоқ тузатиш ишлари жазолари тайинланди. 190 та қўй давлат ҳисобига ўтказилди.

Ф.ҚАҲҲОРОВ,

жиноят ишлари бўйича Конимех тумани суди раиси.