Чекка ҳудудлар ривожланишдан четда эмас

Нуробод ва Қўшработ туманлари ҳақида гап кетганда одатда дашт ва чўл ҳудудлари тушунилиб, иқтисодий имкониятлари паст баҳоланади. Аммо кейинги йилларда амалга оширилган ишлар натижасида вилоятнинг энг чекка туманларида ҳам саноат ва хизмат кўрсатиш соҳалари ривожланиб бормоқда.

Қўшработда турклар кварц, ҳиндлар гранит қазиб олади

Лойиҳалар учун 2 миллион АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестиция ўзлаштирилади . Жумладан, ҳиндистонлик инвесторлар билан “EDIFCE ELITE” МЧЖ хорижий корхонаси ташкил этилган. Корхона томонидан 1 миллион долларлик гранит тошларини қазиб олиш ва қайта ишлаш лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Шунингдек, туркиялик инвесторлар билан ҳамкорликда “BOZTOSH BETON” МЧЖ ташкил этилган. Корхона томонидан кварц тошларини қазиб олиш ва қайта ишлаш лойиҳаси асосида 1 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ўзлаштирилиши белгиланган.

Лойиҳанинг биринчи босқичида - 2020 йилда 600 минг доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ўзлаштирилган. Жорий йилда 400 минг доллар инвестиция жалб этилиб, 11 та янги иш ўрни яратилади.

- Кейинги икки йилда ҳудудда 17 та қўшма корхона ташкил этилди, - дейди туман ҳокими Ҳ.Оқбўтаев. - Жами 976 гектар ер майдони ажратилган “HIGHBY GROUPS” МЧЖ Ўзбекистон-Корея қўшма корхонаси техник каннабис етиштириш ва қайта ишлаш лойиҳасини амалга оширмоқда. Қиймати 7 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция асосида 60 та янги иш ўрни ташкил этилади.

Бундан ташқари, жорий йилда саноат соҳасида 88,3 миллиард сўмлик 24 та, хизмат кўрсатишда 102,2 миллиард сўмлик 80 та, қишлоқ хўжалигида 225,6 миллиард сўмлик 170 та лойиҳа ишлаб чиқилган. Мисол учун, “Қўшработ Ломанн парранда” МЧЖ томонидан Германия технологияси асосида замонавий паррандачилик кластери лойиҳаси ишга туширилиши белгиланган. Натижада йилига 24 миллион дона тухум, 10 миллион бош 1 кунлик жўжа, 80 тонна парҳезбоп парранда гўшти олинади.

Кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида ўтган икки ой учун туман маҳаллий бюджети даромадлари режаси 6 миллиард 900 миллион сўм ўрнига 10 миллиард 200 миллион сўмга бажарилган.

Нарпайда Марказий Осиёда ягона бўлган корхона қуриляпти

Ўз вақтида аграр соҳадаги ютуқлари билан донг таратган нарпайликлар бугун саноат соҳасида қатор ибратли ишларни амалга оширмоқда. Бунинг натижасида айни пайтда туманда экспорт ҳажми импортга нисбатан ортган. Яъни, четдан келтирилаётганига нисбатан хорижга юборилаётган маҳсулот ҳажми кўпайган.

- Биргина “NBA ALLANZ” масъулияти чекланган жамияти томонидан 5,5 миллион долларлик инвестиция лойиҳаси ҳаётга татбиқ этилмоқда, - дейди туман ҳокими Ш.Раҳмонов. - Мазкур корхонада импорт ўрнини босувчи гипсакартон листлари учун картон қоғоз ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда. Яъни корхонага ишга қабул қилинган 100 киши гипсакортон учун 36 минг тонна хомашё тайёрлайди.

Маълумотларга қараганда, бугунги кунда республикамизга гипсакартон листлари учун йилига 108 минг тонна картон қоғоз импорт қилинади. Демак, корхона ишлаб чиқарадиган маҳсулот умумий эҳтиёжнинг 33 фоизини қоплайди. Бошқача айтганда, корхона фаолиятини бошлагандан сўнг тоннаси 750 доллардан 27 миллион долларлик ярим тайёр маҳсулот тайёрлайди.

Туманда яна бир йирик лойиҳа пахта кластери - “Мароқанд сифат” масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга ошириляпти. Бу ерда йилига 5 минг тонна пахта ип-калаваси ишлаб чиқарилади. Жами 150 та янги иш ўрни яратиш белгиланган лойиҳа март ойида 50 фоиз қувватда иш бошлади.

Олинган маълумотга кўра, 2021-2022 йилларда туманда қиймати 570,9 миллиард сўмлик 119 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш натижасида 1516 та янги иш ўрни ташкил этиш режалаштирилган. Жумладан, саноат соҳасини ривожлантириш бўйича 287,7 миллиард сўмлик 29 та инвестиция лойиҳаси бажарилади ва 783 та янги иш ўрини яратилади.

Хизмат кўрсатиш соҳасида 196,3 миллиард сўмлик 72 та инвестиция лойиҳа орқали 506  кишини иш билан таъминламоқчимиз. Қишлоқ хўжалигида эса 227 та янги иш ўрни яратилади. Бунинг учун 86,9 миллиард сўмлик 18 та инвестиция лойиҳаси режалаштирилган.

Ҳар бир йўналишдаги инвестицион лойиҳаларда мақташга арзигулик жиҳатлар бор. Масалан, Муртазо Шопиев массивида “Инновацион боғлар” фермер хўжалиги томонидан қиймати 12,6 миллиард сўмлик узумчилик хўжалиги ташкил этилмоқда. “Mo‘jiza-agro grupp" фермер хўжалиги 320 минг доллар банк кредити асосида Хитой Халқ Республикасидан келтирилган замонавий жиҳозлар асосида 2,1 гектар майдонда иссиқхона қурмоқда.

Хизмат кўрсатиш йўналишида “Нарпай Ифтихор саноат” масъулияти чекланган жамияти халқаро М-37 автомагистраль йўл ёқасида 1,5 миллион долларлик замонавий меҳмонхона қуряпти.

Нурободликлар Сингапурга металл конструкция экспорт қилади

Ҳудудда чангюткич, кир ювиш машинаси ва музлаткич ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Бугунги кунда хориж бозорларига қурилиш материаллари, шу билан бирга радиаторлар ҳам чиқарилмоқда.

"Press Plast Invest" МЧЖ маиший техника (чангютгич) ишлаб чиқариш бўйича қиймати 4 миллиард 694 миллион сўмлик лойиҳани амалга оширмоқда. "Tesco Plus" МЧЖ эса кир ювиш машиналарни ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчи. Қиймати 7 миллиард 122 милион сўмлик лойиҳа доирасида 22 та иш ўрни яратилади. "TESPACK" МЧЖ 53 миллиард 200 миллион сўм маблағ асосида музлаткич ишлаб чиқаришни ташкил этади.

- Жорий йилда фақат электротехника саноати йўналишида 5 та лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган, - деди туман ҳокимининг инвестиция ва ташқи савдо масалалари бўйича ўринбосари Шуҳрат Қораев. - Ушбу йўналишда 277 та иш ўрни яратилади.

Бундан ташқари, туманда саноатнинг қурилиш материаллари ишлаб чиқариш йўналишида 7 та лойиҳа амалга оширилади. Шу орқали 400 га яқин фуқаронинг бандлигини таъминлаш кўзда тутилган.

Бу каби саъй-ҳаракатлар натижасида хориж бозорларига чиқарилаётган маҳсулотларда саноат маҳсулотлари улуши ҳам ортиб бормоқда. Қайд этилишича, туманда жорий йил учун 6 миллион 107 минг долларлик экспорт режаси ўрнатилган.

Мисол учун, "MIRANKUL CONSTRUCTION MATERIALS LTD" масъулияти чекланган жамияти томонидан Сингапурга қурилиш соҳасида ишлатиладиган 5 миллион долларлик металл конструкциялар етказиб берилди.

Январь-февраль ойларида тумандан 231 минг долларлик ПВХ қувурлари, фитинглар, пластик таралар ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилинган.

Ё.Марқаев тайёрлади.