Чет тилини ўргaниш бугунги куннинг талаби(ми?)

Дунёда илм-фан, технология ва маданиятлар кескин суръатлар билан ривожланаётган бир пайтда, чет тилини ўрганиш нафақат билимли инсон, балки замонавий шахс бўлишнинг ажралмас қисмига айланиб бормоқда.
Ҳар бир тил – бу янги дунё, янги фикрлар олами. Aйниқса, инглиз, немис, француз, хитой ёки араб тиллари бугунги глобал муҳитда имкониятлар эшигини очувчи калитдир.
Юртимизда ҳам сўнгги йилларда хорижий тилларни ўрганишга бўлган эътибор сезиларли даражада ошди. Мактабгача таълим муассасаларидан бошлаб, олий ўқув юртларигача чет тилларини ўқитиш сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлат томонидан ташкил этилган “Илм-фан ва инновацияларни ривожлантириш” дастурлари, хорижий тил ўқитувчилари учун малака ошириш курслари ва халқаро тил сертификатларининг жорий этилиши бунга яққол мисолдир.
Институтимизнинг Пайариқ филиали хорижий тиллар факультетида 300 дан зиёд талаба рус филологияси, инглиз тили ва адабиёти мутахассисликлари бўйича таҳсил олади. Уларнинг 200 нафардан зиёди турли халқаро тил сертификатларини қўлга киритган. Жумладан, Ф.Зокирова илм-фан ва инновацион ғоялар бўйича йил талабаси бўлган бўлса, хорижий тил адабиёти кафедраси талабаси У.Абдуҳакимова “Институт ректори” стипендияси соҳибаси бўлди.
Талабаларимиз хорижий тилларни ўрганиш билан бир қаторда спорт, шунингдек, “Ёш хореограф” ва “Лидер қизлар” тўгаракларига қатнашиб келмоқда. Ҳафтанинг ҳар чоршанба куни талабалар учун мустақил изланишлар куни деб эълон қилинган. Шу сабабли улар устозлари ёрдамида мустақил изланишлар олиб бормоқда.
Чет тилларини билиш фақат таржима қилишдан иборат эмас, балки бошқа халқларнинг ҳаёт тарзи, маданияти ҳамда фикрлаш тарзини тушунишга ҳам ёрдам беради. Турли соҳаларда ўзаро халқаро тажриба алмашиш имконини беради. Масалан, ёшларимиз хорижий тилларни ўрганган ҳолда, хориждаги грант дастурларида қатнашмоқда, илмий мақолалар чоп этмоқда, хорижий компанияларда ишламоқда.
Фарзандлари келажагини ўйлаган ота-оналар уларга ёшлигидан тил ўрганишлари учун имконият яратиб беришса маъқул бўларди. Ёшларимиз китоб ўқиб, мобиль иловалардан фойдаланиб, сўз бойликларини оширишлари керак. Чунки илм ва тил ўрганишга сарфланган маблағ, келажак учун қўйилган энг тўғри сармоя ҳисобланади.
Комила МAҲМУДОВA,
Фаррух ХОЛБОЕВ,
Самарқанд давлат чет тиллар институти ўқитувчилари.