Чехиялик дастурчиларнинг “16 миллион евролик иш”ни текинга бажаргани боис вазир истеъфога чиқди

Ўтган ҳафта Чехияда бўлган воқеага барча эътибор қаратса арзийди, деб ёзди terabayt.uz. Кўнгилли дастурчилар давлат бюджетининг талон-торож қилинишига йўл қўймасдан, текинга сайт яратган.

Яъни, Транспорт вазирлиги шубҳали бир тендер ўтказган. Унда юқори тезликда ҳаракатланиш мумкин бўлган пулли автомагистралларда юриш учун электрон рухсатномалар сотиш сервисини яратиш йўлга қўйилган эди. Бу борадаги давлат буюртмасига кўра, 400 миллион Чехия крони (тахминан 16 миллион евро) эвазига интернет-дўкон ҳамда iOS ва Android тизимлари учун иккита илова ясаш керак эди. Буюртма учун очиқ танлов ўтказилмаган ва бу иш тўрт йиллик шартнома билан “Asseco Central Europe” фирмасига топширилган.

Дастурчилар «16 миллион евролик» ишни икки кунда бепул қилиб бериб, вазирни ишдан олиб ташлашди!

Ушбу буюртма мамлакат дастурчилари орасида норозиликка сабаб бўлган. Улар давлат халқнинг маблағини очиқдан-очиқ талон-торож этяпти, деб ҳисоблаган. “Actum Digital” компанияси соҳиби Томаш Вондрачек ушбу тендерни «бемаънилик», деб атаган ва ўша тўрт йиллик деб ҳисобланган ишни икки кунда қилиш мумкинлигини эълон қилган.

Вондрачек маҳаллий дастурчиларни йиғиб, давлат буюртмасидаги каби сервис яратиш бўйича хакатон ўтказишга чорлаган. Режага кўра, шунчаки битта ҳафтанинг дам олиш кунлари – шанба ва якшанбада Прага шаҳридаги “Actum Digital” офисида ишлаш ва шунақа сайтни яратиб, ҳукуматга совға қилиши керак бўлган.

Унинг чақириғига Чехия бўйлаб 300 дан ортиқ дастурчи «лаббай», дея жавоб беришди. #Znamkamarada хакатонида қатнашиш учун 24 январь, жума куни “Actum Digital” офисига улардан 60 нафари келиб иш бошлади. Якшанба куни кечқурунгача улар fairznamka.cz платформасини тайёрлаб улгуришди.

Дарвоқе, хакатон масаласи шов-шув бўлиб кетганидан, дам олиш куни Чехия Бош вазири Андрей Бабиш ҳам келиб, дастурчиларнинг ишини ўз кўзи билан кўрган.

Хуллас, 27 январь, душанба куни сайт аллақачон тест режимида ишга туширилган. Ҳолбуки, Транспорт вазири бунга 4 йил вақтни ва яна 16 миллион евро миқдорида халқ маблағини исроф қилмоқчи эди. Тўғри, сайт ҳали давлат тизимига уланмаган. Аммо барча керакли функцияларни бажармоқда.

Чехия ҳукумати аввалига бу ёрдам учун пул тўламоқчи бўлган. Аммо хакатон олдиндан режаланганидек, дастурчилар уни давлатга шунчаки совға қилишган. Бош вазирнинг таъкидлашича, Транспорт вазирлиги энди ушбу тизимни 2020 йилнинг 1 декабригача тўлиқ жорий этиб ишга туширувчи компанияни топиш учун очиқ танлов ўтказади. Бу гал энди шартнома қиймати анча арзон бўлади. Вондрачек қолган ишни дастлаб белгиланган 400 миллион кроннинг чорак қисмича нархга баҳолаган. Аммо ўз компанияси бу танловда қатнашмаслигини айтган.

Кўнгилли дастурчилар икки кундаёқ бажарган шу ишга давлат бюджетидан йирик миқдордаги маблағни сарфламоқчи бўлгани учун Транспорт вазири Владимир Кремлик истеъфога чиқарилган. Пудратчи – “Asseco Central Europe” вакиллари ҳам компенсация талаб этмасдан шартномани тўхтатишга рози эканлигини эълон қилди.

Вондрачекнинг фикрича, протест сифатида кўнгилли дастурчилар бепул сайт яратиб бериши воқеасидан сўнг давлат хизматчилари халқнинг солиқларидан шаклланаётган бюджетни сарфлашда талон-торожга йўл қўйишмаслиги керак