Чимёнда хорижлик сайёҳларга хизмат қилаётган автобус жарликка қулади

Жорий йилнинг 22 сентябрь куни соат тахминан 15.30 ларда Тошкент шаҳар, ”EASY GO TRANS” МЧЖга тегишли бўлган “GOLDEN DRAGON” русумли, У.А. бошқарувидаги давлат рақами 01039 NEA бўлган автобус Ҳиндистон давлатининг 20 нафар туристлари билан “Тошкент-Чимён” автомобиль йўлининг 81-километрида йўлнинг ўнг четидаги автотранспортлар тураргоҳида тўхтаган.

Мазкур автобус ҳайдовчисиз ва йўловчиларсиз бўлган ва узатмалар қутиси нейтрал ҳолатда турган вақтида ҳаракатланиб кетган. Тахминан 30-40 метрлар юриб, қатнов йўлининг ўнг томонидаги 10 метр пастликка тушиб тўхтаган.

Автобус 2016 йилда ишлаб чиқарилган ва техник соз бўлган. Транспорт воситасига Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси томонидан лицензия варақаси берилган.

Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ матбуот хизматининг хабар беришича, мазкур ҳолатда ҳеч ким тан жароҳати олмаган. Фақат автобус техник шикастланган бўлиб, қисқа муддатлар ичида уни чиқариш чоралари кўрилган.