Чингизхоннинг қабрида беҳисоб бойлик борми?
Ҳали топилмаган энг бой хазиналардан бири Чингизхон қабридир.
Манбаларда келтирилишича, Чингизхон 1227 йилда навбатдаги ҳарбий юришида Тангут қироллиги пойтахти Чжунсин (Хитойнинг ҳозирги Иньчуан шаҳри)ни қамал қилган вақтда вафот этади.
Ҳукмдорнинг ўлими сабаби аниқланмаган.
Ривоятларга қараганда, унинг қабрига беҳисоб бойлик кўмилган: қимматбахо тошлар, тилла тангалар, ноёб идиш-товоқлар, қиммат қуроллар... Буларнинг барчаси ҳозирда бир неча миллиард долларга баҳоланади.
Афсуски, хазина қидирувчиларнинг бахтига қарши Чингизхон махфий равишда овлоқ жойга кўмилган ва унинг қабрига ҳеч қандай белги қўйилмаган. Ҳозирда ўша бебаҳо қабр қаердалиги хусусида баҳс кетмоқда. Олимларнинг бири уни Олтойнинг Риддер текислигидаги ўрмонлардан қидириш керак, деса, бошқалари Чингизхон туғилган жойига дафн қилинган, деган ривоятларга ишонади. Унинг туғилган жойи Мўғулостондаги Бурхон - Холдун тепаликлари этагидадир.
Мўғуллар учун муқаддас ҳисобланган бу жой эҳтимол Чингизхон дафн этилган ва туғилган жой сифатида яқинда ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилди.
Тарихий маълумотларда қайд этилишича, Чингизхон васиятига кўра, у қаергадир кўмилиб, қўшин отлари оёғи остида топталиб ташланган. Яна бир ривоятда дарё суви буғилиб, тубига кўмилган ва сув яна очиб юборилган. Чингизхон, афтидан, ўлимидан кейин руҳини безовта қилишларни истамаган.
Тоғаймурод Шомуродов тайёрлади.