Чиқинди учун тўлов миқдори нега оширилди?
Жаҳонда чиқинди муаммоси ўта долзарб масалалардан бирига айланди. Маиший ва саноат чиқиндиларининг ортиб бораётгани экологик барқарорликка салбий таъсир кўрсатмоқда. Маълумотларга қараганда, ҳозирги кунда чиқиндиларнинг 900 дан зиёд тури қайд этилган бўлиб, уларнинг ҳажми йилига 3-4 фоизга кўпаймоқда.
Йиллар давомида чиқиндилар нотўғри бошқарилганлиги сабабли табиий ресурсларнинг ўзгаришига ва турли табиат ҳодисалари содир бўлишига олиб келяпти.
Чиқиндининг 80 фоизини органик моддалар ташкил қилади. Ривожланган мамлакатлар тажрибаси унинг 85 фоизини қайта ишлаш мумкинлигини кўрсатаётган бўлса-да, ҳозирча фақат 40 фоизидан фойдали маҳсулотлар олинмоқда.
Юртимизда, хусусан, вилоятимизда ҳам маиший чиқиндилардан оқилона фойдаланиш бўйича қатор ишлар олиб борилмоқда. Давлат бюджети ва хорижий инвестиция маблағлари ҳисобига чиқинди ташиш корхоналарини модернизациялаш ишлари олиб борилаётганига қарамасдан ҳануз чиқинди қутилари, чиқиндихона ва уларни қайта ишловчи махсус корхоналар етишмайди.
Ҳозирги кунда чиқинди ташиш экология ва атроф-муҳит муҳофазаси вилоят бошқармаси қошидаги «Тоза ҳудуд» ДУК, Самарқанд шаҳрида «Мароқанд Обод» ДУК, шунингдек, ободонлаштириш бошқармалари ва хусусий корхоналар томонидан амалга ошириб келинмоқда. Аммо чиқиндилар ўз вақтида олиб чиқиб кетилмаслиги сабабли ноқонуний чиқиндихоналар кўпайиб боряпти.
- Чиқинди ташишдаги дуч келинаётган муаммоларнинг асосий сабаби 3 йилдан буён ташиб кетиш хизмати бўйича тарифлар оширилмай келинаётганлигида, - дейди вилоят экология ва атроф-муҳит муҳофазаси бошқармаси бўлим бошлиғи Умид Мунавваров. - Вилоятимизда тарифлар сўнгги бор 2021 йилнинг ноябрь ойида ўзгартирилган бўлиб, аҳоли учун бир кишига 2900-3400 сўм, юридик шахсларга 1 метр куб учун 44700 сўм (ҚҚСсиз) миқдорида белгиланган эди.
Ўтган давр мобайнида меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори тўрт маротаба оширилиши натижасида, санитар тозалаш корхоналарининг ишчи-ходимларга тўлаётган иш ҳақи харажатлари ўртача 2 бараварга ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари, жумладан, сиқилган газ 3,5 бараварга (800 сўмдан 2800 сўмга) бензин 1,3 бараварга (А-80 - 4500 сўмдан 6000 сўмга), дизель ёқилғиси 2,2 бараварга (5700 сўмдан 12500 сўмга) ортган. Техника воситаларини эҳтиёт қисмлар билан таъминлаш учун сарфланадиган харажатлар ҳам 2 баравар ошди. Амалдаги тарифларнинг пастлиги корхоналарнинг молиявий барқарор фаолият юритишига, ҳудудларда экологик вазиятини яхшилаш, тозаликни таъминлаш бўйича инфратузилма объектларини қуриш ва жиҳозлашга, махсус автотранспорт воситаларининг соз ҳолатда ва узлуксиз ишлашини таъминлашга салбий таъсир кўрсатмоқда.
Шунингдек, корхоналар ишчи-ходимлари иш ҳақидан ҳам қарздорликлар юзага келган. Бундай ҳолатларнинг давом этиши санитар тозалаш корхоналарининг банкротликка учраши ва бир неча минг ишчи-ходимларнинг ишсиз қолишига сабаб бўлиши мумкин.
Маиший чиқиндилар билан ишлаш соҳасида вилоят бўйича 4 та давлат-хусусий шериклик битимлари имзоланган. Мазкур битимларга асосан, тадбиркорлик субъектлари томонидан 53,9 миллиард сўм инвестиция маблағлари ҳисобига 45 та махсус техника ва 410 та чиқинди контейнери харид қилиш кўзда тутилган. Шунингдек, 40 та чиқинди йиғиш майдончаси, 19 та қайта юклаш, қайта ишлаш ва саралаш заводи қуриш белгиланган. Амалдаги тариф миқдорлари эса бу лойиҳаларни амалга оширишга имкон бермайди. Ана шуларни ҳисобга олиб, Вазирлар Маҳкамаси томонидан барча вилоятларга маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари учун тўлов тарифларини қайта кўриб чиқиш топшириғи берилган.
- Тўрт йилдан буён Франция Тараққиёт агентлиги молиявий кўмаги билан “Самарқанд шаҳридаги қаттиқ маиший чиқиндиларини бошқаришни модернизациялаш« лойиҳасини амалга ошириб келяпмиз, - дейди "Мароқанд Обод" ДУК директори Расул Тўлқинов. – Корхонамиз Самарқанд шаҳри ва туманида аҳолининг маиший чиқиндиларини тўплаш ва олиб чиқиш хизматини кўрсатмоқда. Бироқ бугунги кунда амалда бўлиб турган 1 киши учун 3400 сўм, бюджет ва улгуржи ташкилотлар учун эса 1 метр куб учун 58651 сўм тўловлар кетган харажатларни қопламаяпти. Шунинг учун ҳам маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизмати нархи аҳоли учун 1 кишига 1 ойда 4154 сўмдан 5365 сўмгача, бюджет ва улгуржи ташкилотлар учун 1 метр куб учун 69686 сўмдан 92830 сўмгача бўлишини таклиф қилганмиз.
Вилоят иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси мутахассислари томонидан вилоят ҳудудида хизмат кўрсатувчи 8 та корхонанинг фаолияти ўрганилиб, барча шаҳар ва туманлар учун келгусида қўлланиладиган нархлар (тарифлар) белгиланди. Қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизмат нархи аҳоли учун Самарқанд шаҳри ва туманида 1 кишига 1 ойда 5000 сўм, бюджет ва улгуржи ташкилотлар учун 1 м3 учун 90 000 сўмни, Каттақўрғон шаҳри ва бошқа туманларда 1 кишига 1 ойда 4129 сўм, бюджет ва улгуржи ташкилотлар учун 1 метр куб учун 59693 сўм бўлиши мумкинлиги тавсия қилинди.
Аҳолининг экологик маданияти соҳада амалга оширилаётган ишлар баробарида ҳам шаклланади. Яқин атрофда конфет, музқаймоқ қоғози, писта пўчоғи, сигарета қолдиқларини ташлаш учун қути бўлмагач, уларни йўлак четига ёхуд ариқ ичига улоқтириш жуда осон. Бунинг олдини олиш учун эса чиқинди қутиларини ўрнатиш билан биргаликда кенг кўламда тушунтириш ишлари олиб борилиши лозим.
Дилмурод ТЎХТАЕВ.