Дарддан халос этганларга биздан саломлар!
Саксон ёшда тождор вирус касаллигидан тузалиб чиқдим. Оғир дарддан халос этиб, мени қайта ҳаёт бахш этган шифокорлардан чексиз миннатдорман. Самарқанд вилояти юқумли касалликлар шифохонаси врачлари Ибодулла Каримов, Қаюм Собиров, Лола Турсунқулова, Муҳаббат Раҳмонова, ўрта ва кичик тиббиёт ходимлари Садафхон Раҳмонқулова, Матлуба Тўрақулова, Аслиддин Ашуров, Ҳилола Шомуродова, Шоира Бекмирзаева, Моҳира Худойбердиева, Муаттар Зокировалар кўрсатган меҳр туфайли тузалдим. Уларга бўлган ташаккуримни куйидаги шеър орқали ифодалашга ҳаракат қилдим.
Бизга ҳам дард, даво берган Тангримга шукур,
Қайта нафас, ҳаво берган Тангримга шукур.
Саксон ёшда қалбга солиб илҳом шавқини,
Завқ бахш этиб, наво берган Тангримга шукур.
Бизни интиқ кутганларга биздан саломлар,
Бизни дуо этганларга биздан саломлар!
Кун-тун дуо айлаган эй, азиз дўстларим,
Ёру ошно, биродарлар, қаро кўзларим.
Соғинган эй, набиралар, ўғил-қизларим,
Укаларим, сингиллару ҳам болдизларим.
Бардам бўлсин, ўктам бўлсин, соғ бўлсин, дея
Кўкраги тоғ, кайфияти чоғ бўлсин, дея.
Бизни интиқ кутганларга биздан саломлар,
Бизни хушнуд этганларга биздан саломлар!
Тождор вирус жазавада келиб ҳуружга,
Ўхшаб гуё шафқат билмас яжуж-мажужга.
Узоқ тунлар бошим узра қоқмасдан мижжа,
Эзгуликдан кўнгилларга етказиб мужда,
Ўз соғлиғин бирор лаҳза ўйламай жичча.
Меҳрин қуёш этганларга биздан саломлар,
Дарддан халос этганларга биздан саломлар!
Элу халқнинг омонлиги, бахтини кўзлаб,
Юртга келган офатларга чоралар излаб.
Халқ бошидан кетсин, дея машъум фалокат,
Юрт эгаси улуғларга биздан саломлар,
Меҳр-шафқатли улуғларга биздан саломлар!
Абдумурод ИСМАТОВ,
меҳнат фахрийси.