"Дастур доирасида ҳал этилади": Электр узилишлари бўйича мурожаатларга расмийлар изоҳи
Аҳолининг бир қатор мурожаатлари асосида каналда эълон қилинган “Газ йўқ, «свет» тез-тез ўчади, хонадонлардаги печка кўмир ёқишга мўлжалланмаган...” сарлавҳали хабарга “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ ўз муносабатини билдирди.
“Оқдарё тумани Тўртайғир маҳалласи ва унга туташ қишлоқларда охирги бир ҳафта давомида электр энергиясида узилишлар кузатилаётганлиги ҳамда Паст Дарғом тумани Сазағон маҳалласида қўшимча янги трансформатор пункти, бетон устунлар ўрнатишни, шунингдек, ҳаво электр узатиш тармоғи тортиб беришни ваъда беришган эди. Бироқ ҳали ҳам ишлар бошлангани йўқ” дея таъкидланган иккала мурожаат ҳам жамият мутахассислари томонидан ўрганиб чиқилди.
Маълум бўлишича, Оқдарё тумани Тўртайғир маҳалласи ва унга туташ қишлоқларни электр энергияси билан таъминловчи электр қурилмаларида бир ҳафта аввал авария ҳолати юзага келганлиги сабабли электр таъминотида узилишлар кузатилган экан. Ҳозирда ушбу ҳудуд истеъмолчиларига электр энергияси мунтазам етказиб берилмоқда.
Шунингдек, Паст Дарғом тумани Сазағон маҳалласи раиси Т. Бердимуродовнинг мурожаатига жавобан маҳаллага бир дона 250/10 кВли қўшимча трансформатор пунктини ўрнатиш ҳамда 1 километр масофага 0,4 кВли паст кучланишли, 400 метр юқори кучланишли ҳаво электр узатиш тармоғи тортиш ишлари жорий йилги Давлат дастури доирасида олиб борилиши кўзда тутилган.
Белгиланган таъмирлаш ишлари шу йилнинг декабрь ойи якунига қадар тўлиқ бажарилади”, дейилади “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ муносабатида.
Таҳририятга келган маълумотларга кўра, Оқдарё тумани Тўртайғир қишлоғи ва унинг атрофидаги электр энергияси узилишлари ҳали ҳам тўхтагани йўқ. Жумладан, жорий йил 1 ноябрь куни соат 00.00дан 2 ноябрь тонгги соат 05.00 гача ҳам узилишлар бўлди.